Бугунги кунда китоб расталарини хилма-хил диний китоблар эгаллаб бормоқда. Уларга нисбатан талаб ҳам юқори. Лекин, диний рисолалар бошқа адабиётларга нисбатан икки баробар қиммат.
 
Одамлар орасида диний рисолаларнинг қимматлашувига диний қўмитанинг назоратдан ўтказиб бериши, галограмма нархлари борлигини рўкач қилиши одат тусига кирган, аммо бу қанчалик рост? Бунга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита нима дейди? Қўмита томонидан китобларга бериладиган галограмманинг қиймати китоб нархига қанчалик таъсир қилади?
 
Дин ишлари бўйича қўмита вакилининг маълум қилишича, диний китобларнинг қалбаки эмаслигини тасдиқловчи галограмма 97 сўм туради. Аввалги нарх 149 сўм бўлган. Аммо китобларнинг тан нархи қимматлашиб кетмаслиги учун у 97 сўм этиб белгиланган. Демак, китоблар нархининг қимматлашувида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг таъсири йўқ даражада. 
 
Ўрганишлар давомида Чорсу бозори атрофидаги дўконларда сотилаётган диний китобларнинг ўртача нархларига қизиқдек. “Қуръоний ва энг зарурий дуолар” ҳамда “Келинг, Қуръон ёдлаймиз” китоблари 50 000 сўмдан, “Икки олам сарвари” китоби 38 000 сўм, “Пайғамбарлар тарихи” 1-4-китоблар 90 000 сўм, “Исми Аъзам” китоби 45 000 сўм, “Қуръони Карим машҳур суралари фазилати” китоби 75 000 сўм ва ундан юқори нархларда савдога қўйилган.
 
uza.uz сайти мухбири диний рисолаларнинг қимматлашувига таъсир этувчи бошқа омилларни ҳам ўрганмоқда. Бу ҳақда кейинги мақоламизда маълум қиламиз.
Анора Содиқова, ЎзА