Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Медиа-марказида Халқаро пресс-клуб томонидан ўтказилган сессия шундай номланди.

Сессияда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “Вақф” хайрия жамоат фонди ва Тошкент ислом институти вакиллари, экспертлар, миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Президентимизнинг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди. Фонднинг фаолияти аҳоли қулай электрон тизими орқали закот ва эҳсонларини фонд ҳисоб рақамига юбориши ва бу билан масжид, зиёратгоҳ, диний таълим муассасаларини қуриш ва таъмирлаш ишлари, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан, имконияти чекланган шахсларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда кўплаб бошқа эзгу мақсадларга ҳисса қўшишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Айни пайтда фондга “Payme”, “Click” ва “М-банк” электрон тўлов тизимлари орқали маблағларни жалб этишга мўлжалланган хизматлар ишга туширилди. Тошкент шаҳридаги 12 та йирик масжид ва “Зангиота” зиёратгоҳи ҳудудига “Капиталбанк”, “Ипотекабанк” ва “Ипак йўли банк”ларининг инфокиосклари ўрнатилди.

Фондга нақд пул, пластик карталари ва электрон тўлов тизимлари орқали тушаётган маблағлар махсус дастур ёрдамида ягона серверда тўпланиб, таҳлил қилинади. Фонднинг алоҳида ҳисоб рақамида тўпланган маблағларнинг мақсадли сарфланишида шаффофликни таъминлаш тўғрисидаги маълумотлар ҳам тақдим этиб борилади.

Сессияда фонд фаолияти, мақсад ва вазифалари, тушаётган маблағларни қандай тартибда, кимларга йўналтирилаётгани ҳақида сўз юритилди. Унинг аҳамияти ва қулайлигини аҳолига тушунтириш борасида ҳудудлардаги имом-хатиблар тағибот-ташвиқот ишларини олиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Шунингдек, сессияда соҳа мутахассисларига журналистлар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

Матбуот хизмати