Мамлакатимизда миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, муқаддас зиёратгоҳ ва қадамжоларни обод қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Юртимизда кўплаб улуғ аждодларимиз яшаб, халқимиз ўртасида илм-маърифат, маънавият уруғини сочиб келган. Уларнинг номлари ҳудудларнинг топонимик номларида ўз аксини топган. Шундай улуғ зотлардан бири Сузук отадир. Маълумотларга кўра, Сузук отанинг асл исми Мустафоқул бўлиб, тахминан ХII асрнинг 40 йилларида Сайрамда туғилган ва XIII аср бошида Тошкент шаҳрида вафот этган. Сузук ота Хўжа Аҳмад Яссавийнинг қизи Гавҳархуштожнинг кенжа ўғлидир ҳисобланади. Аҳмад Яссавийнинг авлодлари бутун Туркистон заминида катта таъсирга эга бўлган ва Мовароуннаҳрдаги авлиёларнинг номлари у киши билан боғлиқдир.

Сузук ота Тошкентга кўплаб уста-ҳунармандлар, илм-маърифат соҳиблари билан бирга кўчиб келган. Нафақат Сузук ота яшаган даврда, балки ХХ аср бошларигача Тошкент ва Туркистон аҳолиси қавм-қариндош бўлиб яшаган. Тошкент маданият ва савдо маркази бўлгани учун бу ерга илм истаб, савдо ишлари учун кўплаб инсонлар келган. Айниқса, етук алломалар шу заминда яшаб, ижод қилган. Сузук отанинг бу заминда истиқомат қилган машҳур алломалардан Шайх Хованди Тоҳур, Шайх Зайниддин бобо, Занги ота, Хўжа Аҳрор Валий каби азиз авлиёлар билан илмий ёки қариндошлик нуқтаи назаридан боғлиқлик жиҳатлари бордек. Чунки, Сузук ота ҳам Тошкентга ўз-ўзидан келиб қолмаган. Илм-маърифат тараққиёти кейинги асрларда ҳам ривожланиб боради. Шунинг учун, ХIХ асрнинг охирларига келиб Тошкентда 20 дан ортиқ йирик мадраса, 350 дан зиёд масжид фаолият юритган.

Сузук ота ўз даврининг маърифатли кишилардан ҳисобланади. Шунинг учун эл орасида тезда танилди. Ўзидан кўплаб шогирдлар қолдириб, катта обрў қозонди.

Соҳибқирон Амир Темур даврида кўплаб тарихий қадамжолар қатори Сузук ота қабрига мақбара ва унга яқинроқ жойда масжид қурилиб, атрофи ободонлаштирилади. Аслида Амир Темур замонигача ҳам Сузук отанинг қабри эътибордан четда қолмаганлиги ва масжиднинг мавжудлиги эҳтимолдан холи эмас. Баъзи манбаларда Сузук ота масжидини ХVIII аср охири XIX аср бошларида қурилган деган маълумотлар учрайди. Аммо мазкур маҳалла мавжуд экан ўтмишда бу жойларда кичикроқ бўлса-да, масжид, мадраса бўлганлиги ва кейинчалик бузиб ташланганлиги айтилади.

Сузук ота яшаган маҳалла асрлар давомида у кишининг номи билан атаб келинган. Собиқ совет даврида миллий тарихимиз, аждодларимиз номини йўқотиш мақсадида Сузук ота қабри ва масжиди жойлашган маҳаллани “Коминтерн”, “Қаҳрамон”, “Обод” каби шу ҳудуд учун ҳеч қандай маъно-мазмун касб этмайдиган номлар билан номлашган. Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, тарихий жой номлари қайта тикланди.

Бугунги кунда маҳалла ҳудуди анча кенгайган. 1996 йилдан буён янгидан фаолият юритиб келаётган масжид бир неча марта таъмирланиб, гўзал ҳолатга келтирилди.

– Давлатимиз раҳбари 2017 йил май ҳамда жорий йилнинг февраль ойларида  бу ерда бўлиб, мақбара ва масжидни реконструкция қилиш, атрофини ободонлаштириш, зиёратчилар учун қулайлик яратиш бўйича топшириқлар берган эди, – дейди “Сузук ота” жоме масжиди имом-хатиби А.Сўпиев. – Шу асосда бу ерда улкан қурилиш ишлари давом этмоқда. Масжиднинг тарихий биноси сақлаб қолинган ҳолда атрофи кенгайтирилмоқда. Айвон, ҳунармандлар учун устахона, коттежлар, автотураргоҳ ва бошқа иншоотлар барпо этилаётир.

Бугунги кунда масжиднинг айвон қисми ва таҳоратхона битиб, мақбара, 2 та минорада қурилиш ишлари якунига етказилмоқда. 30 ҳунарманд учун мўлжалланган коттежларда ҳам қурилиш ишлари бошланиб, улардан 5 таси тайёр ҳолатга келтирилди. Мажмуанинг Қурбон ҳайити арафасида очилиши режалаштирилган.

Мамлакатимизда муқаддас қадамжоларни обод қилиш борасида амалга оширилаётган бу каби эзгу ишлар улуғ аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, улар яратган асарларни ўрганиш ҳамда аҳоли маънавиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Матбуот хизмати