Жорий йилнинг 10 июнь куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 204 нафардан иборат дастлабки гуруҳи муқаддас жойларда умра амалларини тўла-тўкис бажариб, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва шундай шароитларни яратиб берган муҳтарам Юртбошимиз ҳақларига дуои-хайрлар қилиб, Ватанимизга соғ-саломат қайтиб келдилар.

“Ислом Каримов” номидаги Тошкент халқаро аэропортида зиёратчиларимизни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар ҳодимлари кутиб олдилар. Зиёратчиларимиз 10 кун мобайнида Мадина ва Макка шаҳарларида умра амалларини бажардилар.

Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Мадина ва Макка шаҳарларидаги меҳмонхоналарда ифторлик ва саҳарлик вақтларида зиёратчилар учун икки хилдаги ўзбек миллий таомлари (суюқ ва қуюқ), сарҳил мевалар ва турли ичимликлар ҳозирланган.

 

Меҳмонхоналарда зарурий дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари 24 соат давомида зиёратчиларимиз соғликларини назорат қилиш ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида фаолият юритмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Рамазон мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 4 нафар ишчи гуруҳи, 30 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 8 нафар шифокор ва 4 нафар ошпаз хизмат кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг 31 май кунидан 17 июнига қадар ўзбекистонлик фуқароларни умра зиёратига кузатиш ва кутиб олиш режалаштирилган.

Рамазон умра зиёратида жами 1500 нафар фуқароларимизнинг Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишлари бўйича 7 та чартер авиарейсида сафарлари ташкил этилади.

Дин ишлари бўйича қўмита

    Ахборот хизмати