Бугун 31 май куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг 209 нафардан иборат дастлабки (4 нафар ишчи гуруҳи, 1 нафар шифокор) гуруҳи “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпаниясининг замонавий авиалайнерида Саудия Арабистони Подшоҳлигига умра амалларини бажариш учун учиб кетдилар.

Жорий йилнинг 31 май кунидан 17 июнига қадар ўзбекистонлик фуқароларни умра зиёратига кузатиш ва кутиб олиш режалаштирилган.

Рамазон умра зиёратида жами 1530 нафар фуқароларимизнинг Тошкент-Жидда-Тошкент йўналишлари бўйича 7 та чартер авиарейсида сафарлари ташкил этилади.

Қувонарлиси, зиёратчилар қаторида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан ташкил этилган Қуръони карим мусобақасининг ғолиблари ота-оналари билан биргаликда Умра зиёратини амалга оширадилар.

Рамазон мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этади. Зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар. Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 4 нафар ишчи гуруҳи, 30 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 8 нафар шифокор ва 4 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Зиёратчиларга сафар олдидан давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул) ва сумкалар, “Умра” қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди ҳамда улар марказлашган тиббий пунктларда менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмландилар. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлиши кузатилаётганлигини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган “Мааса ал-Бустон”, Макка шаҳрида эса “Харам масжиди”дан 600-650 метр узоқликдаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари тайёрлаб қўйилган. Меҳмонхоналарнинг ҳар бир хонаси музлатгич, кондиционер ҳамда телевизор билан жиҳозланган.

Мадина ва Макка шаҳарларидаги меҳмонхоналарда ифторлик ва саҳарлик вақтларида зиёратчилар учун икки хилдаги ўзбек миллий таомлари (суюқ ва қуюқ), сарҳил мевалар ва турли ичимликлар ҳозирланган.

Меҳмонхоналарда зарурий дори-дармон ва жиҳозлар билан таъминланган тиббиёт пунктлари 24 соат давомида зиёратчиларимиз соғликларини назорат қилиш ҳамда биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида фаолият юритади.

Ўзбекистонлик зиёратчилар Мадина шаҳрида 3 кеча - 4 кундуз бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилгандан сўнг Макка шаҳрига йўл оладилар.

Зиёратчиларни Саудия Арабистони Подшоҳлигида кутиб олиш, кузатиш ва уларга қулай шарт-шароитлар яратиш ишлари Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимларидан ташкил топган ишчи гуруҳи ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича атташеси ҳамкорлигида ташкил этилади.

Ахборот хизмати