25 май куни Бухоро шаҳрида Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган диний ташкилотлар иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонунига бағишланган семинар ўтказилди.

Семинарнинг асосий мавзуси диний бағрикенглик ҳамда ноисломий диний ташкилотлар фаолиятида кузатилаётган миссионерлик ва прозелитизм ҳолатлари ва уларга барҳам бериш масалаларини ёритишга бағишланди.

Семинарда Дин ишлари бўйича қўмита консультанти Б.Қодиров маърузаси тингланди.

Маърузада бугунги кунда Республикада диний соҳада рўй бераётган ислоҳотлар, диний ташкилотлар ва диндорлар учун яратилаётган кенг ва қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилиб, айни пайтда баъзи бир диний ташкилотлар ва уларнинг аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни бандларига зид равишда олиб борилаётган миссионерлик ва прозелитизм ҳолатларига алоҳида урғу берилди.

Тадбирда, шунингдек, ҳудудий ҳокимиятлар, адлия бошқармалари вакиллари ва Ўзбекистон Библия жамияти Бош котиби Х.Ашировлар сўзга чиқдилар. Сўзга чиққанлар бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва тотувликни кўз қорачиғидек асраш, мамлакатимиз ривожига ҳамма бир бош бўлиб интилиш зарурлиги таъкидланди.

Тадбир сўнггида мазкур йўналишдаги учрашув ва мулоқотларни бундан кейин ҳам албатта давом эттириш зарурлиги қайд этилди.