Европа Иттифоқининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича Кенгаши ишчи гуруҳи раҳбари Ютта Эдтхофер бошчилигидаги делегация 22 май куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида учрашув ўтказди. 

Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг биринчи ўринбосари Н.Жўраев экспертларга вазирлик фаолияти, мамлакатимизда адлия соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўзлаб берди. 

Ўзбекистонда барча соҳаларда ривожланишнинг замонавий тенденциялари асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қонунчилик базасини мустаҳкамлаш, давлат ва жамиятнинг муҳим соҳаларини либераллаштириш, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта эътибор қаратилаётир. 

Делегация аъзолари мамлакатимизда қонун устуворлиги, адолат ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида сўнгги пайтларда яққол ижобий ўзгаришлар амалга оширилаётганини эътироф этди. 

Учрашув конструктив ва дўстона муҳитда ўтказилди. Томонлар ўзаро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини янада такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, нотариал соҳада давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш жараёнида хорижий экспертларни жалб қилиш, бу йўналишларда хорижий тажриба ва амалиётни ўрганиш учун миллий кадрлар малакасини ошириш масалаларига эътибор қаратилди. 

Европа Иттифоқи экспертлари шу куни Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада ҳам музокаралар ўтказди. 

Учрашувларда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, турли даражаларда эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни муҳокама қилинди. 

www.uza.uz