Исроилнинг Қуддус шаҳрига “Муқаддас олов” олиб келиш учун сафарга чиққан зиёратчиларнинг самолёти Тошкент аэропортига қўниши билан митрополит Викентий руҳонийлар ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги Свято-Успенск кафедрал соборига йўл олди ва у ерда Пасха байрамининг нишонланиши бўйича тантаналарни бошлаб берди.

Байрам тадбири кеч соат 23.45 да бошланди. Ибодат маросимини митрополит Викентий олиб борди.

Жойлардан олинган тезкор маълумотларга кўра, Пасха байрами муносабати билан ўтказилган байрам тадбирларида Республика бўйича саккиз мингдан зиёд фуқаро иштирок этди.

Дин ишлари бўйича қўмита томонидан Пасха байрами арафасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимиятларига байрамнинг тартибли ташкил этилиши ва ўтказилишига алоҳида аҳамият қаратиш ҳақида тегишли кўрсатмалар юборилди.

Жойлардан олинган маълумотларга кўра, байрамни ташкил этиш ва ўтказиш бўйича белгиланган тартибда махсус тадбирлар режаси ишлаб чиқилган бўлиб, уни амалга ошириш юзасидан барча зарур чоралар кўрилган. Жумладан, диний ташкилотлар ва қабристонлар жойлашган ҳудудлар ободонлаштирилиб, жойларда ёнғин хавфсизлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳамда тиббиёт хизмати ходимларининг узлуксиз навбатчилиги ташкил этилди.

Барча ҳудудларда Пасха байрами муносабати билан ўтказилган байрам ибодатлари тинч-осойишта ва тартибли ўтказилди.