Жорий йилнинг 19 март куни ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Баҳор мавсумидаги охирги 216 нафардан иборат гуруҳи умра сафарига учиб кетдилар.

Зиёратчиларни Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари кузатиб қолдилар.

Баҳор мавсумида жами 8500 нафар фуқароларимизнинг Тошкент – Жидда – Тошкент йўналиши бўйича 38 та чартер авирейсларда сафарлари ташкил этилди.

Зиёратчиларга мавсум давомида ўзбекистонлик 12 нафар ишчи гуруҳи, 170 нафар гуруҳ раҳбари (элликбоши), 42 нафар шифокор ва 12 нафар ошпаз хизмат кўрсатади.

Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларга сафардан олдин давлат рамзлари туширилган махсус кийим (камзул), сумка, “Умра” қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилган. Барча зиёратчилар марказлашган тиббий пунктларда менингит ва гриппга қарши зардоб билан эмланганлар. Саудия Арабистонида ҳаво ҳароратининг юқори даражада бўлишини инобатга олиб, шифокорлар гуруҳи томонидан зиёратчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эслатма-тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тушунтириш ишлари олиб борилди.

Баҳор мавсумида зиёрат 10 кунни ташкил этиб, улар Мадина шаҳрида 3 кун, Маккада эса 7 кун бўладилар.

Ўзбекистонлик зиёратчилар истиқомат қилишлари учун Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100-150 метр масофада жойлашган “Мааса ал-Бустон”, Макка шаҳрида эса “Харам масжиди”дан 600-650 метр узоқликдаги “Аброж ал-Кисва” меҳмонхоналари хизмат кўрсатмоқда.

Меҳмонхонада зиёратчилар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Жумладан, зиёратчиларга барча ташкилий масалаларни ҳал этиш учун ишчи гуруҳи штаби, зиёратчиларнинг доимий соғлигини назорат қилиб бориш мақсадида тиббиёт маркази ташкил этилган. Шунингдек, зиёратчиларга ўзбек миллий таомларини тайёрлаб бериш учун ўн икки нафар малакали ошпазлар жалб қилинган.

Зиёратдан қайтган фуқароларимиз яратиб берилган шароитлар учун Ўзбекистон Республикаси Президенти, ҳукумати номига миннатдорчиликларини билдириб, Юртимиз равнақи янада ривожланишини тилаб дуолар қилмоқдалар.

Зиёратчиларимизнинг сўнгги гуруҳи Ватанимизга жорий йилнинг 29 март куни қайтиб келади.

Ахборот хизмати