Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2017 йил 1 сентябрь куни Ҳазрати Имом мажмуасида берган топшириқларига мувофиқ, Қуръони карим қироати мусобақаси ҳудудларда юқори савияда ўтказилмоқда.

Мазкур мусобақа 3 босқичда ўтиши белгиланган (туман/шаҳар, вилоят ва республика босқичлари).

Жорий йилнинг 15 январидан 15 февралгача вилоятларда мусобақанинг шаҳар ва туман босқичлари ўтказилди.

Шу кунгача 5397  нафар (улардан 3283 нафар эркак, 2114 нафар аёл) иштирокчи мусобақада қатнашдилар. Улардан 336 нафари 1-ўринни эгаллаб, 2-босқичга йўлланма олдилар.

17 февраль куни Жиззах вилоятида,  19 февраль куни Самарқанд вилоятида 2-босқич мусобақаси бўлиб ўтди. Вилоят босқичида 1-ўрин эгаллаган ғолиблар республика босқичида қатнашиш имконига эга бўлдилар.

Мусобақада қатнашаётган иштирокчиларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда ҳомийлар томонидан фахрий ёрлиқлар, ғолибларга эса диплом ва қимматбаҳо совғалар тақдим этилмоқда.

20 февраль куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида Қуръони карим мусобақасининг биринчи босқич якунига бағишлаб махсус йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ортиқбек Юсупов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раис ўрибосари Абдулазиз Мансур ҳамда Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров иштирок этиб, мусобақани шаффоф, адолатли ва янада тартибли ўтказиш бўйича мусобақанинг барча ҳайъат аъзоларига ва ҳакамларга кўрсатмалар бердилар.

Шунингдек, тадбирларни янада юқори савияда ўтказиш мақсадида Дин илари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази мутахассисларидан иборат кузатув гуруҳи ташкил этилди.

22 февраль куни Қашқадарё вилоятида иккинчи босқич бўйича Қуръони карим мусобақаси бўлиб ўтади.

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати