Жаҳон  бўйлаб халқлар ўртасидаги маданиятлар қоришуви юқори чўққига чиқмоқда. Сабаби кишиларни турли хилдаги енгил-елпи турмуш тарзига тарғибот қилиш даромад топишнинг асосий йўналишига айланиб улгурди.

Биргина мисол, ҳар йили 14 февраль куни дунё бўйича 1 миллиард донадан ортиқ «валентинка» сотилади. Ана шу откриткаларнинг 85 фоизини ҳиссиётларга берилувчан аёллар ва ёшлар сотиб олишар экан. Ушбу бизнесни илк бор 1847 йилда Эстер Хаулен исмли аёл инглизча намунадаги откриткалар чоп этишни йўлга қўяди ва тез орада бойиб кетади. «Валентинка» деб аталадиган откриткалар ўша пайтда Хауленлар оиласига йилига 100 минг доллар атрофида даромад келтирарди. «Форбс» журналининг ёзишича, дунёнинг откритка чоп этувчи энг йирик компанияларидан бири «Холмарк» 2007 йилда инсоний туйғуларни откриткаларга жойлаб сотиш орқали 4 миллиард 400 миллион доллар ишлаб олган. 19-асрда АҚШда «валентинка»ларнинг оммалашуви ҳар қандай байрамнинг тижорат, пул топиш асосига қурилишига туртки берди.

Шу ўринда савол туғилиши табиий. Авлиё Валентин куни қандай байрам, нима учун бу байрам бизнинг ёшларга дахл қилиши керак?

Авлиё Валентин – Насроний черкови томонидан шаҳид деб тан олинган икки насроний авлиёнинг исмидир. Ривоятларга кўра, авлиё Валентин милоддан аввалги 296 йилда Рим императори Клавдий II томонидан қатл қилинган. 350 йилда эса унинг хотирасига бағишлаб, у қатл этилган жой ўрнида черков қурилган.

Насроний эътиқодига кўра, авлиё Валентин тинчлик ва севгига даъват қилган ва шу сабабли қатл қилинган. Шундан буён ушбу мажусий байрами Севишганлар байрами деб аталган, авлиё Валентиннинг ўзи эса севишганларга ҳомийлик қилувчи авлиё деб ҳурматланган.

Насроний черкови пешволари бу анъана ёшларнинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатиши мумкин, деб топиб, унга қарши чиққан. Хусусан, Италияда бу байрам ман қилиб қўйилган, чунки у айнан Италияда жуда кенг нишонланган. Авлиё Валентин куни Италияда 18-19-асрларга келибгина қайта тикланган. Ўша пайтлардан бошлаб ғарб мамлакатларида «Валентин китоблари» – ишқий шеърлар ёзилган китобчалар сотила бошлаган. Бундай китобларда севги изҳор қилиш ҳақида маслаҳатлар ҳам бўлган. Севишганлар ишқий мактублар ёзишда шу китобдан фойдаланишган.

Бундан бир неча аср олдин севги изҳорларини ошиқ ва маъшуқаларнинг ўзлари битиши урф бўлган. Бу эндигина ривожланишга юз тутган Полиграфия саноатида миллионлаб нусхада турли шакл ва ҳар хил изҳорлар битилган откриткалар чоп этилиб, ушбу соҳага истиқбол бағишлаган.

Бу байрамга исломий муносабатга келсак, бу ҳақда ал-Азҳар Университетининг фиқҳ профессори доктор Саид Иброҳим Солиҳ шундай дейди:
Ислом – Аллоҳга муҳаббат, зуҳд ва тақво дини, солиҳ ва ҳақ ишларда ҳамкорлик динидир. Биз Қодир Аллоҳдан барчамизни Ўзининг Мутлақ Раҳмати сояси остига олишини сўраб илтижолар қиламиз. Аллоҳ Таоло Ҳужурот сурасининг 10-оятида: «Албатта, мўминлар биродардирлар, бас, икки биродарингиз ўртасини ислоҳ қилинг, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки, раҳм қилинсангиз», - деган.

Шу ўринда айтиш керакки, севги муҳаббат, оила қуриш Аллоҳ томонидан инъом эътиладиган неъмат. Аммо уни сунъий ташкил қилиш мумкин эмас. Агар шундай қилинса, бу севги ҳам, муҳаббат эмас, балки бу кишининг нафсоний ҳирсларга берилиши, унга тобелиги оқибатидир.

Дарҳақиқат, Ислом дини мўмин-мусулмонлардан бошқа динларга ҳурмат қилишга тарғиб қилади. Аммо «Авлиё Валентин куни» ҳеч қандай диний асосга эга бўлмаган янгилик, яъни бидъатдир. Ислом бундай бидъатларни қоралайди. Ислом ақидасига кўра, мусулмонлар бир-бирларини ҳар доим, умр бўйи яхши кўришлари лозим. Исломда бунинг учун йилнинг бирор кунини тайинлаб қўйиш деган нарса йўқ. Бинобарин, мусулмонлар «Валентин куни» каби бундай «янгиликлар» ва иримларга эргашишлари мумкин эмас. Шубҳасиз, бу «байрам»да динимизга ёт бўлган урф-одатлар бор бўлиб, у кишиларни ҳақиқий севгидан узоқ бўлган, ҳатто бу «байрам»ни маънавий аҳлоқсизликка, ҳатто зинога яқинлаштирувчи ҳатти-ҳаракатларга ундайди.

Ғарб оламида пайдо бўлган Авлиё Валентин куни ёки «севишганлар куни» бугунги даврда мамлакатимизга ҳам кириб кела бошлади. Бунинг сабаби эса техника тараққиёти интернет майдонидаги ахборот алмашинуви дунё халқларини урф одатларини бир-бирларига ошно қилиб қўйди. Бунинг оқибатида диний ва дунёвий илмлардан орқада қолиб кетган ёшлар бу каби ғарбона урф одатларга эргашаётгани ҳам сир эмас.

14-февраль биз учун шоҳ ва шоир бобомиз Заҳриддин Муҳаммад бобур таваллуд топган кун сифатида аҳамиятлидир. Ёшларни аждодларимиз намунасида тарбиялашда Темурий наслидан бўлган Бобур мирзонинг ҳаёт ва ижод йўли, айниқса, катта ибрат мактаби ҳисобланади. Сабаби у жисмонан, маънан етук шахс сифатида, балки катта ишларга қодир ишбилармон, давлат арбоби ҳамда буюк саркарда сифатида эҳтиромга сазовордир. Ушбу кун ҳар йили  мамлакатимизда кенг нишонланади.

Алҳамдурилла, бир гуруҳ истеъдодли, замонавий билимга эга ёшларимиз томонидан яхши анъана йўлга қўйилди. Яъни айни шу куни Ўзбекистон ёшлари интернет орқали Бобур туғилган кунига бағишланган мавзу — #BoburDay хештегини, минглаб изоҳлар бериш ёрдамида жаҳондаги энг муҳакама қилинадиган мавзулари, яъни "трендлери", қаторига олиб чиқишмоқда.

Аслида ёт иллатлар мафкуравий бўшлиқларни тўлдиради, ғоявий жиҳатдан иммунитети мустаҳкам ерда разилликлар, турли енгил-елпи қарашлар синади. Сўнги йилларда миллий қадрятларимиз, ўзлигимизга янада чуқурроқ назар соляпмиз, соф ислом дини ғояларини тарғиб қиляпмиз. Ана шу каби эзгу ишлар натижасида ёшларимиз оқ ва қорани ажратиб, миллий урф-одат ва анъаналаримизга оммавий қатмоқда. 14-феврални Бобур туғилган куни сифатида интернет орқали тарғиб қилиниши нафақат юртимиз ёшлари, балки қўшни давлатлар, қўйингки, Бобур бобомизнинг донғи етган, унинг ижод наъмуналаридан хабардор халқлар ёшлари ўртасида ҳам Авлиё Валентинмас, балки Мирзо Бобур куни сифатида оммалашса ажаб эмас.

Дин ишлари бўйича қўмита

М.Йўлдошев