Жорий йилнинг 11 февраль куни “Умра-2018” Баҳор мавсумининг 220 нафардан иборат датлабки гуруҳи умра амалларини бекаму-кўст бажариб мамлакатимизга қайтиб келдилар.

Зиёратчиларни “Ислом Каримов” номидаги Тошкент халқаро аэропортида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар вакиллари кутиб олдилар.

Кутиб олиш жараёнида зиёратчиларнинг умра амалларини тўла-тўкис бажариб келаётганликларидан мамнун эканликлари кўриниб турибди. Улар билан бўлган суҳбат жараёнида сафар кўнгилдагидек ўтгани, умра мавсумида яратилган шароитлардан жуда хурсанд эканликлари, Мадина ва Макка шаҳарларида ишчи гуруҳи, шифокорлар ва ошпазлар томонидан зиёратчиларга кўрсатилган хизматлар аъло даражада ташкил этилгани ҳамда бу ишларнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти турганликларини ҳис қилганликларини изҳор этиб, бу каби қулай шароитларни яратиб берган Юртбошимизга миннатдорчилик билдириб дуолар қилганликларини изҳор қилдилар.

Шунингдек, Ўзбекистонлик 30 нафардан иборат таниқли уламолар, профессор-ўқитувчилар ва имом-хатиблар Саудия Арабистони Подшоҳи меҳмонлари сифатида умра амалларини адо этиб қайтдилар (алоҳида дастур бўйича). Улар Мадинаи мунавварадаги Уҳуд тоғи, Қубо ва Қиблатайн масжидлари, Маккаи мукаррамадаги Арафот, Мино, Муздалифа водийлари, Савр ва Нур тоғларини зиёрат қилиб, Ҳарами Шарифда ўз ибодатларини тўлиқ адо этдилар. Уламоларимиз сафар давомида ташкилотчилар томонидан ташкил этилган турли семинар, давра суҳбати ва подшоҳликдаги мартабали шахслар, таниқли уламолар билан бўлиб ўтган учрашувларда ҳам иштирок этдилар. Шунингдек, Саудия Арабистони шаҳарларидаги диққатга сазовор жойлар, музейлар, диний мазмундаги адабиётлар ва маҳсулотларни ишлаб чиқариш корхоналарига ҳам ташриф уюштирдилар.

Баҳор мавсумида жами 8500 нафар фуқароларимизнинг Тошкент–Жидда–Тошкент йўналиши бўйича 38 та чартер авиарейсларида сафарлари ташкил этилада.

Бугунги кунга қадар 1900 нафар фуқароларимиз умра сафарига кузатилдилар ва улардан 220 нафари умра амалларини бажариб, соғ-саломат мамлакатимизга қайтиб келдилар. Сафарга кузатиш ишлари давом этмоқда.

Саудия Арабистонида зиёратчиларга ўзбекистонлик 12 нафар ишчи гуруҳи, 170 нафар гуруҳ раҳбари, 42 нафар шифокор ва 12 нафар ошпаз хизмат кўрсатмоқда.

Зиёратчиларимизнинг сўнгги гуруҳи Ватанимизга жорий йилнинг 29 март куни қайтиб келадилар.

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати