Умра амалларини адо этиш учун Саудия Арабистонига жўнаб кетган зиёратчиларимиз шу кунларда Макка ва Мадина шаҳарларидаги табаррук жойларни зиёрат қилиб, қалбларидаги энг эзгу ният ва дуоларини қилмоқдалар.

Ишчи гуруҳи томонидан зиёратчиларга яратилган шароитлар юзасидан Тошкент-3 гуруҳи зиёратчилари Мамлакат Нуриддинова, Шохида Исоқжонова ва бошқалар билан суҳбатлашилганда қуйидаги таассуротларини сўзлаб бердилар:

“Биз барча Ўзбекистон зиёратчилари қаторида Тошкент-3 гуруҳи ҳам дастлаб яхши кайфият билан Тошкент халқаро аэропортидан Жидда шаҳрига келиб қўндик, у ерда бизлар учун тайёрлаб қўйилган замонавий шинам автобусларда Мадинаи Мунавварага жўнаб кетдик. Мадинаида “Мааса ал-Бустон” меҳмонхонасида ишчи гуруҳи аъзолари кутиб олиб, олдиндан ҳозирлаб қўйилган шинам хоналарга жойлаштирдидилвр. Бизлар Мадинаи мунаввара шаҳрида  "Масжиди ан-Набавий", Уҳуд тоғи, Қубо ва Қиблатайн масжидларини зиёрат қилдик. Мадина шаҳрида 4 кун бўлиб, Макка шаҳрига замонавий ва қулай русумдаги махсус автобусларда йўлга чиқдик. Маккаи мукаррамада эса “Аброж ал-Кисва” меҳмонхонасига жойлашдик.

Сўнгра Умра ибодатини мукаммал адо этиб, макка шаҳридаги муқаддас қадамжолар, Савр ва Нур тоғлари, Арафот водийсидаги Раҳмат тоғи каби масканларга гуруҳ раҳбаримиз билан биргаликда зиёрат уюштириб, бу жойлардаги тарихий воқеалар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдик.

Бу ерда биз учун барча шароитлар муҳайё қилинган. Айниқса, меҳмонхонамиздаги шароитларни айтмайсизми: озода, кенг ва шинам хоналар, ҳар бир хона телевизор, музлатгич ҳамда кондиционер билан жиҳозланганлиги кишини баҳру дилини очади. Қўли ширин ошпазларимиз ўзларнинг ширин ва тансиқ таомлари билан юртимизни ҳар лаҳзада эслатиб турибдилар, малакали шифокорлар томонидан бизнинг соғлигимиз доимий кузатув ва назоратга олинган. Биз учун яратилган барча шарт-шароитлар учун муҳтарам Президентимиз Ш.Мирзиёевга ва барча мутасадди раҳбарларга, ўзимизнинг миннатдорчилигимизни билдирамиз”.

 

Ҳозирги кунда Мадина шаҳрида 700 дан ортиқ , Макка шаҳрида эса 1000 га яқин зиёратчилар ўз ибодатларини эмин-эркин, кўтаринки руҳда адо этмоқдалар.

Эслатиб ўтамиз, Зиёратчиларимизнинг дастлабки гуруҳлари жорий йилнинг 11 февраль куни Жидда-Тошкент йўналишида мамлакатимизга қайтишлари режалаштирилган.

Макка шаҳридан махсус тайёрланди