Мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб виждон эркинлигини таъминлаш масаласига устувор аҳамият берилди.

Маълумки, Собиқ Совет Иттифоқининг Конституциясида эътиқод эркинлиги эътироф этилган бўлсада, амалда жамиятга даҳрийлик мафкураси зўрлаб сингдирилиб, диндорларнинг ҳуқуқлари поймол этилар эди.

Даҳрийлик сиёсати диний ташкилотларнинг фаолиятига сунъий тўсиқлар яратиш, фуқароларнинг ҳатто маиший даражада диний амалларни бажаришларини кескин қоралаш каби шаклларда кечиб, амалда виждон эркинлиги жиддий чекланган эди.

Атеистик сиёсат авж олган 1980-йилларнинг ўрталарида аҳолиси сони 18 миллиондан зиёд бўлган ва уларнинг аксарият қисмини мусулмон динига эътиқод қилувчилар ташкил этган республикамизда атиги 80 та масжид бўлган. Мустабид тузум томонидан халқни тарихий ва диний-маърифий илдизларидан узиш мақсадида Имом Бухорий, Хаким Термизий, Имом Термизий, Дорус-саодат каби обида ва зиёратгоҳлар атайин ташландиқ ва ҳароб аҳволга солинган эди. Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳи хонақосида кимёвий ўғитлар сақланган. Тошкент шаҳридаги “Кўкалдош” мадрасаси, Бухоро шаҳридаги “Калон” масжиди, Наманган шаҳридаги “Шайх эшон”, Қарши шаҳридаги “Кўк гумбаз” каби юзлаб масжидларнинг бинолари омборхонага айлантирилган. Қарши шаҳридаги “Одина” масжиди эса қамоқхона сифатида фойдаланилган.

Бироқ, мустабид тузумнинг даҳрий сиёсати ўзбек халқининг матонатини енга олмади, иймон-эътиқодидан айира олмади. Айниқса, ҳали мустақилликка эришишимиздан аввал биринчи Президентимиз Ислом Каримов республикамизга раҳбар бўлган илк даврдан диний қадриятларимизни тиклаш, виждон эркинлигини таъминлаш йўлида дадил қадамлар ташланди. Атеистик сиёсат ҳали давом этиб турган 1990 йилда юртбошимиз томонидан мусулмонларнинг байрами сифатида Қурбон ҳайитини биринчи кунини дам олиш куни сифатида эълон қилиниши, шахсан қўллаб-қувватлашлари билан ислом дининг муқаддас манбаи – Қуръони каримнинг ўзбек тилига илк таржимасини чоп этилиши буюк жасорат намунаси ҳисобланади.

Ватанимиз мустақилликка эришган илк йилларидан диний соҳага ўзбек халқининг миллий маънавиятининг ажралмас қисми сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Мустақиллик йиллари диннинг ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятида тутадиган ўрни ва мавқеи аниқ белгиланиб, бу соҳада мустаҳкам қонунчилик пойдевори яратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида “диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар”, деган демократик тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, Бош қомусимизда фуқаролар миллати, ирқи ва динидан қатъи назар, тенг ҳуқуқли эканлиги белгиланиб, уларнинг виждон эркинлиги, урф-одатлари, миллий анъаналари ҳурмат қилиниши кафолатланган.

Ушбу конституциявий қоида 1998 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасида ҳам ўз ифодасини топган. Унга кўра, ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1992 йил 7 март кунидаги Фармони билан ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъий назар тенглигини таъминлаш вазифаларини ҳал этиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташкил этилган.

Бугунги кунда Конституциямиз, амалдаги қонунларимиз ва миллий-диний қадриятларимизга монанд равишда истиқлолнинг илк палласидан мамлакатимизда давлат ва дин муносабатлари қуйидаги тамойиллар асосида олиб борилмоқда:

- диндорларнинг диний туйғуларини ҳурмат қилиш;

- диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусусий иши деб тан олиш;

- диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;

- маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний ташкилотларнинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш;

-диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўймаслик.

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилиб, 16 та диний конфессияга мансуб 2241 та диний ташкилот, шу жумладан, Имом Бухорий халқаро маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти, Мир Араб Олий мадрасаси, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари фаолият олиб бормоқда.

Истиқлол туфайли масжид ва мадрасалар, черков ва ибодатхоналарнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар диндорларга қайтариб берилди. Республикамизнинг турли ҳудудларида қад кўтарган бири-биридан гўзал масжидлар мусулмонларимиз учун ажойиб ва бетакрор туҳфа бўлди. Улар қаторида пойтахтдаги “Минор”, “Ислом ота”, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманидаги “Термизий” масжидларини қайд этишимиз мумкин. Урганч, Нукус каби шаҳарларда мусулмонларимизни ўзига чорловчи масжидларнинг қурилиши якунига етмоқда.

 “Ҳазрати Имом”, “Имом Бухорий”, “Баҳоуддин Нақшбандий”, “Имом Мотуридий”, “Ҳаким Термизий”, “Имом Термизий” каби буюк аждодларимизнинг мажмуалари”, Рус православ черкови “Свято-Успенск” кафедрал собори, Рим-католик черкови костели, Евангель-лютеранлар кирхаси ва бошқа диний объектлар тўлиқ қайта таъмирдан чиқарилиб, кенг фаолият юрита бошлади.

Мустақиллик йиллари диний таълим тизимини яратиш ва ривожлантириш йўлида тизимли ишлар амалга оширилди.  Сўнгги йил ичида диний таълим соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида сўнгги даврда ислом дининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтиҳор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида сермаҳсул ишлар ташкил этилмоқда. Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Самарқандда Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси қошида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб Олий мадрасаси, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом маданияти маркази фаолиятини ташкил этилиш юқоридаги эгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувлик муҳитини кузайтиришга хизмат қилади.

Олий савиядаги имом-хатиблар, исломшунос мутахассислар, уламолар тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон мусуломонлари идораси ҳузурида Ислом Академияси, Самарқанд вилоятида Имом Бухорий илмий марказида ҳадисшунослик, Имом Мотуридий маркази қошида калом илми, Фарғона вилоятида ислом ҳуқуқи, Бухоро вилояти Баҳоуддин Нақшбанд марказида тасаввуф, Қашқадарё вилоятида ақида илмий мактабларини ташкил этиш юзасидан ишлар амалга оширилмоқда.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда соҳа мутахассислари, уламолар ва диний ташкилотлар томонидан мингдан зиёд номланишдаги диний мазмундаги адабиётлар, дисклар чоп этилди. Улар нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам муҳим диний манба сифатида хизмат қилмоқда.

Истибдод даврида собиқ Иттифоқ бўйича муқаддас ҳаж сафарига бориш 10-15 нафар кишига, шу жумладан, Ўзбекистондан 3-4 нафар одамга насиб этар эди. Истиқлол йиллари 115 мингдан зиёд фуқаро «ҳаж» амалларини, 93 мингдан зиёди эса «умра» зиёратини адо этдилар. Фуқароларнинг ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш 2006 йилда биринчи Президентимизнинг Фармонига асосан тузилган «Ҳаж» ва «умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Жамоатчилик кенгаши томонидан амалга оширилмоқда. Ҳар йили ҳаж мавсуми якунида Саудия Арабистони Ҳаж ишлари вазирлиги тизимидаги ташкилотлар томонидан Ўзбекистоннинг ишчи гуруҳи махсус ёрликлар билан тақдирланаётганини юқоридаги эзгу ишларнинг натижаси сифатида эътироф этсак бўлади.

Мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2017 йил 7 июнь куни “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 367-сонли Қарори тасдиқланди. Қарор асосида “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисида Низом” ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат сифатида қабул қилинди. Мазкур ҳужжат зиёратга бориш жараёнида ижтимоий адолатни янада тўлароқ таъминлаш, муқаддас зиёратларни ташкил этиш манфаатдор вазирлик, идора ва ташкилотларнинг вазифаларини аниқ белгилашга хизмат қилади. Хусусан, ушбу Низом асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси веб-сайтида зиёратчилар рўйхатининг ягона онлайн электрон базалари шакллантирилмоқда. Бу фуқароларимизга зиёратга бориш навбатини кузатиб бориш имконини беради.

Айни вақтда минглаб христиан ва яҳудий динларига мансуб фуқаролар Россия, Исроил, Греция каби мамлакатларда жойлашган муқаддас қадамжоларга зиёратга бориб келишларига зарур шароитлар яратилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон қадим даврлардан турли миллатга мансуб, турли динларга эътиқод қилувчи халқлар тинч-тотув яшаган ўлка бўлиб келган. Бу кўп асрлик тарихий анъана бугунги кунда ҳам давом этиб, умумий, тинч ва осойишта уйимизда диний бағрикенглик руҳи янада мустаҳкамланмоқда ва ривожланмоқда.

Албатта, бугун юртимизда амалга оширилаётган барча улкан яратувчан ишларимиз мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикка асосланади. Таассуфки, бугунги кунда жаҳонда рўй бераётган воқеалар ёвуз кучлар ва бузғунчи мафкуралар умуминсоний хавфсизликка, халқларнинг эркин ва тинч ҳаёт кечиришларига таҳдид солаётганидан далолат бермоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июнь куни бўлиб ўтган  “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида таъкидлаганларидек: “Ислом фақат нурли ҳаётга, илм-маърифатга, яхшиликка ундайди. Ҳеч қачон хунрезлик, қотиллик, зўравонликка чақирмайди. Ана шу ҳақиқатни тан олмасдан, сохта ғояларга алданиб, зарарли оқимларга кириш, террорчи бўлиш – бу Ўзбекистон халқига мутлақо тўғри келмайди”.

Бугунги кунда дин ишлари бўйича қўмита давлат, жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорликда жамиятда диний экстремизм ғоялари тарқалишини олдини олишга қаратилган ишларни тизимли амалга ошириб келмоқда. Ушбу ишлар ОАВда чиқишлар, қўлланма ва буклетлар тайёрлаб, жамоатчиликка етказиш, аҳолининг барча ижтимоий қатламлари билан турли форматларда учрашувлар уюштириш, диний-маърифий сайтларда ақидапараст оқимларнинг ахборот хуружига қарши муносиб жавоб бериш шаклларида амалга оширилмоқда. Мазкур тадбирларда диний уламолар фаол иштирок этмоқдалар. Медиа йўналишидаги янги диний-маърифий тадбирлар қаторида ЎМИ сайтининг “Фейсбук” ижтимоий саҳифасида диний соҳадаги долзарб мавзуларда машғулотлар ташкил этилганини, йирик масжидларда жума маърузаларининг онлайн намойиш йўлга қўйилганини кўрсатишимиз мумкин.

Республикамизнинг барча ҳудудларида Муҳтарам Президентимиз томонидан эълон қилинган “Ўз болангни ўзинг асра” деган тамойил асосида ўсиб келаётган авлодни илм ва ҳунар эгаллашга чорлаш, уларни мутаассиб ғоялардан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур жараёнга кенг жамоатчилик жалб этилмоқда.

Алоҳида қайд этишимиз бўлган натижадор ишлар сифатида сўнгги йилда адашиб ёт оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқароларимизни сохта ғоялар таъсиирига тушиб қолганликларини тушунтириш, асойдил пушаймон бўлганларга ишонч билдириб, жамият учун фойдали тинч ҳаёт йўлига қайтариш, зарур ёрдам кўрсатиш тўғри йўлга қайтариш мақсадида амалга оширилаётган ишларни қайд этишимиз лозим.

Дунёда бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан ҳамиша огоҳ бўлиш, Ватанимиздаги тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, шу фаровон, осуда ҳаётни янада мустаҳкамлаш учун ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшмоғи, эл-юрт тақдири, келажаги учун дахлдорлик туйғусини ҳис этмоғи лозим. Бу таълимотни ёшларимиз, фарзанду набираларимизнинг онгу шуури, қалбига жо этиш, уларни огоҳ, хушёр, сезгир ва маънавий уйғоқ инсон сифатида шакллантириб, мустақил, озод ва обод Ватанимизнинг ҳимоячиси этиб тарбиялаш барчамизнинг фахрли ва маъсулиятли вазифамиз ҳисобланади.

Раис ўрибосари Ў.Ҳасанбоев