Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллардан диний соҳага ўзбек халқининг миллий маънавиятининг ажралмас қисми сифатида алоҳида эътибор қаратилди. Диннинг ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятида тутадиган ўрни ва мавқеи аниқ белгиланиб, бу соҳада мустаҳкам қонунчилик яратилди.
Бугунги кунда фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш, миллий-қадриятларини сақлаш ва ривожлантириш орқали ўзлигини намоён этишга барча ҳуқуқ ва имкониятлар тўла таъминланган.
Халқимиз томонидан истиқлолнинг дастлабки йилларидан виждон эркинлигини таъминлаш, диний ва миллий қадриятларимизнинг қайта тиклаш ва ривожлантириш борасида давлатимизнинг олиб бораётган сиёсатига катта ишонч билдирилаётгани бугунги кунда ушбу йўналишдаги хайрли ишларнинг тобора изчиллик билан ривожланиши тимсолида яққол намоён бўлмоқда.
Жорий йилнинг 15 август куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида республикамизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга бағишланган “Мустақиллик йилларида виждон ва эътиқод эркинлиги соҳасида эришилган ютуқлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди. 
Анжуманда Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Тошкент ислом университети, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, диний конфессия раҳбарлари, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. 
Тадбирда сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида Ўзбекистонда виждон эркинлигини таъминлаш ва фуқароларнинг эътиқодий эҳтиёжларини тўла-тўкис қондириш борасида олиб борилаётган сиёсатнинг моҳият-мазмуни ва ҳуқуқий асослари, сўнгги йилларда диний таълим тизимини ривожлантириш, муқаддас ҳаж амаллари ва умра зиёратларини ташкил этишни янада такомиллаштириш, бой меросимизни илмий асосда ҳар томонлама чуқур ўрганиш, юртимизда етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг илмий-ижодий фолияти билан кенг жамоатчиликни таништириш, халқаро миқёсда динлараро ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш борасида олиб борилаётган сермаҳсул ишлар ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Ўзбекистонда диний соҳада олиб борилаётган сиёсат БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йилда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” моддаларида белгиланган тамойилларга ҳамоҳанг бўлиб, давлатимиз виждон эркинлигини таъминлаш борасида ўз зиммасига олган барча халқаро шартномаларни тўла-тўкис бажариб келмоқда.
Истиқлол туфайли жаннатмакон мамлакатимизда мавжуд диний конфессиялар равнақи йўлида кенг имкониятлар очилди. Масжид ва мадрасалар, черков ва ибодатхоналарнинг бинолари, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар диндорларга қайтариб берилди. Фуқароларнинг диний таълим олишлари ва адабиётлар нашр этишлари учун ҳамма шароитлар яратилди. 
Сўзга чиққанлар томонидан республикамизда миллати, ирқи ва диний келиб чиқишидан қатъи назар барча фуқароларнинг қонун олдида тенг эканлиги тамойилларига қатъий риоя қилинаётгани жамият барқарорлигининг асосий омилларидан бўлиб келаётгани таъкидланди. 
Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилиб, 16 та диний конфессияга мансуб 2241 та диний ташкилот, шу жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом маданияти маркази, Тошкент ислом институти, Мир Араб олий мадрасаси, 9 та ўрта махсус ислом билим юрти, православ ва протестант семинариялари фаолият олиб бормоқда.
Анжуманда диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотларнинг узвий давоми сифатида сўнгги даврда ислом дининг инсонпарварлик моҳиятини очиб бериш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, ёш авлодни гуманистик ғоялар, миллий ғурур ва ифтиҳор руҳида тарбиялаш, Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар меросини ўрганиш, ислом таълимотининг турли йўналишларида чуқур илмий-тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётгани эътироф этилди. 
Муҳтарам Юртбошимизнинг ташаббуслари билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом маданияти маркази, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Термиз шаҳрида Имом Термизий илмий-тадқиқот маркази, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом маданияти маркази фаолиятини ташкил этилиш юқоридаги эзгу мақсадларга, шунингдек, маънавиятимизни янада юксалтириш, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, ижтимоий барқарорлик, ўзаро аҳиллик ва тотувликнинг кучайишига хизмат қилиши таъкидланди.
Анжуманда дунёнинг турли мамлакатларида манфаатдор кучлар томонидан динни сиёсийлаштириш оқибатида юзага келаётган низолар, Интернет тармоғида диний ақидапарастликка асосланган ахборот хуружлари авж олаётгани сабабли бугунги кунда “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” долзарб эканига алоҳида эътибор қаратилди. 
Республикамизда мазкур таҳдидлар қарши кураш борасида кўрилаётган чоралар, хусусан, Муҳтарам Президентимиз томонидан эълон қилинган “Ўз болангни ўзинг асра” деган тамойил асосида ўсиб келаётган авлодни илм ва ҳунар эгаллашга чорлаш, уларни мутаассиб ғоялардан ҳимоя қилиш, шунингдек, адашиб ёт оқимлар таъсирига тушиб қолган фуқароларни тўғри йўлга қайтариш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ёритилди. 
Мазкур йўналишдаги ютуқларда аҳоли ичида маърифий ислом ғояларини кенг тарғиб этиш, жамиятда диний бағрикенглик ғояларини мустаҳкамлаш муҳим омил бўлаётгани қайд этилди. 
Табир иштирокчилари Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий жиҳатдан барқарор, умуминсоний қадриятлар устувор бўлган, маънавий мерос ва диний қадриятларни тиклаб, инсон ҳуқуқларини устувор соҳа даражасига кўтара олган мамлакат эканини эътироф этдилар.

Ахборот хизмати