Турли маданиятга мансуб аҳоли вакиллари ўзаро аҳил-иноқ яшаб келаётган Ўзбекистонда миллий ва диний бағрикенглик ҳукм сурмоқда. Бағрикенглик турли миллат ва элатга дахлдор кишиларнинг, турли хил диний эътиқодли инсонларнинг бир замин, ягона Ватан, бир юртда, бир ҳудудда олийжаноб ғоя, орзу-умид, мақсад ва ниятлар йўлида ҳамкор, ҳамфикр ва ҳамжиҳат бўлиб яшашни англатади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев халқимизнинг дунёқарашида тобора чуқур ва мустаҳкам ўрин эгаллаётган бағрикенглик тамойили тўғрисида  шундай дейди: “Бизнинг қадимий ва саховатли заминимизда кўп асрлар давомида турли миллат ва элат, маданият ва дин вакиллари тинч-тотув яшаб келган. Меҳмондўстлик, эзгулик, қалб саховати ва том маънодаги бағрикенглик бизнинг халқимизга доимо хос бўлган ва унинг менталитети асосини ташкил этади”.
Ўзбекистоннинг келажаги тинчлик ва бағрикенглик, маданиятлараро уйғунлик ва миллатлараро тотувлик каби омиллар билан чамбарчас боғлиқдир.
Ўзбекистонда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
2017 йил 30 май куни ушбу долзарб масалага бағишлаб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ўзбекистон Миллий матбуот марказида “Миллий ва диний бағрикенглик – тинчлик ва барқарорлик гарови” мавзуида матбуот анжумани ташкил этилди. Тадбирда республикамизнинг шарқшунос ва диншунос олимлари, таниқли уламолар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган миллий маданий марказлар ва турли конфессиялар вакиллари, давлат ва жамоат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этдилар.
Истиқлол йилларида республикамизда турли дин вакилларининг ҳеч қандай тўсиқларсиз ўз динларига эътиқод қилишлари учун барча шароитлар яратилди. Фуқаролар эътиқодларидан келиб чиққан ҳолда диний ташкилотларга бирлашиб, мустақил ҳуқуқий шахс сифатида фаолият юритиши, диний мутахассислар тайёрлашлари ва адабиётларни нашр этишлари, диний байрам ва маросимларини ўтказишлари, муқаддас жойларга зиёратлар ташкил этишлари кафолатланди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон аҳолисининг сони 31 миллиондан ошган бўлиб, улар 130 дан зиёд миллатга мансуб ҳисобланади. Аҳолининг 94% ислом динига, 3,5%га яқини православ ва қолганлари бошқа конфессияларга мансубларни ташкил этади. 
Республикамизда 16 диний конфессияга мансуб 2239 диний ташкилот фаолият олиб бормоқда. Улардан 2065 таси исломий, 157 таси христиан ташкилотлар, 8 таси яҳудий, 6 таси баҳоий жамоалари, биттадан Кришнани англаш жамияти ва будда ибодатхонаси мавжуддир. Бундан ташқари, республикада конфессиялараро Библия жамияти ҳам фаолият юритмоқда.
Анжуманда мамлакатимизда миллатлараро ва динлараро муносабатлар соҳасида юритилаётган оқилона сиёсат асосида ҳар бир шахснинг виждон ва эътиқод эркинлиги, диний қарашларидан қатъи назар тенгҳуқуқлилиги таъминланаётгани, шунингдек, республикамиздаги диний ташкилотлар жамиятда тинчлик, осойишталик, миллатлар ва динлараро тотувликни мустаҳкамлаш борасида сермаҳсул фаолият кўрсатиб келаётганликлари қайд этилди.
Ўзбекистонда миллий ва диний соҳада олиб борилаётган сиёсат БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йилда қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” моддалари ва руҳига ҳамоҳанг экани ҳамда давлатимиз виждон эркинлигини таъминлаш борасида ўз зиммасига олган барча халқаро шартномаларни тўла-тўкис бажариб келаётгани алоҳида таъкидланди.
Анжуманда бугунги кунда дунёнинг қатор мамлакатларида, айниқса, Яқин Шарқ минтақасида этник ва диний асосдаги низолар кучайиб бораётгани, бу каби низоларни авж олдираётган ғаразли кучларнинг ўз мақсадларига эришиш йўлида турли нашрлар, телерадиодастурлар ва интернет саҳифаларида амалга ошираётган ахборот хуружларига нисбатан “фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш” ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётганига эътибор қаратилди.
Айниқса, ҳозирги вақтда дунёнинг узоқ-яқин турли ҳудудларида ташвишли воқеалар тобора кескинлашиб бораётган бир вазиятда юртимиздаги тинчлик ва барқарорликни сақлаш, диний бағрикенглик ва ҳамкорлик ғояларини кенг ёйиш, адоват ва муросасизликка олиб борувчи ҳар қандай йўлнинг пайини қирқиш муҳим аҳамият касб этиши, шу боис, бугунги мураккаб бир даврда инсоният учун тинчлик, барқарорлик неъматлари қанчалик улкан қийматга эга эканини чуқур англаб етмоғимиз даркорлиги айтилди.
2016 йилнинг 29 октябрь куни Республикада фаолият олиб бораётган диний конфессиялар раҳбарлари билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг, АҚШ Давлат котиби ўринбосари Томас Шэннон Ўзбекистон Ҳукуматининг диний соҳада олиб бораётган изчил сиёсатга юқори баҳо берган.
Шунингдек, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Бош комиссари Зайд аль-Ҳусайннинг 2017 йил 11 май куни Самарқанд шаҳрида фаолият олиб бораётган диний конфессиялар ҳамда миллий-маданий марказлар раҳбарлари билан бўлган учрашув давомида “Бугунги динлараро ва миллатлараро нотинчлик бўлиб турган таҳликали кунларда Ўзбекистондаги мавжуд динлараро ва миллатларо тотувликни турли давлатлар томонидан ўрнак бўлишга лойиқ” - деган сўзлари ҳам алоҳида эътиборга моликдир.
Тадбирда диний экстремизм ва муросасизликка қарши мафкуравий курашнинг муҳим омили сифатида ёшларда бағрикенглик маданиятини шакллантириш экани қайд этилди ҳамда бағрикенглик маданиятини камол топтириш йўллари, имкониятлари ва бу борадаги устивор вазифалар ёритиб берилди. Тинчликсиз тараққиёт ва демократия бўлмагани каби, бағрикенгликсиз тинчлик ҳам бўлмайди, деб таъкидланди.
Ёшларга тинчлик ва бағрикенгликнинг улуғ неъмат экани, уни қадрига етиш, жамият тинчлиги ва хавфсизлигига таҳдид солувчи омиллар тўғрисида зарур маълумотларни бериш, уларда Ўзбекистоннинг маданий рангбаранглиги, юртимиздаги миллат ва элатларнинг урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, шунингдек, ана шу маданий турфахилликни асраб-авайлаш каби ижобий фазилатларни шакллантириш муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидлаб ўтилди.
Сўзга чиққанлар бугунги кунда Ўзбекистонда барқарор тараққиётни таъминлаш, фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, бағрикенглик қадриятлари устиворлигига асосланган демократик жамият қуриш борасида олиб борилаётган ишлар жаҳон ҳамжамиятига намуна экани ҳақида якдил фикр билдирдилар.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати