Истиқлолнинг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакатимизда яшаб, фаолият кўрсатаётган турли конфессия вакиллари маънавий дунёсининг ривожи, эътиқод эркинлиги учун кенг йўл очилди. Ўзбекистон ҳукумати дин халқимизнинг маънавий-маданий ҳаётининг узвий қисми эканидан келиб чиққан ҳолда унга бўлган муносабатини “Дунёвийлик – даҳрийлик эмас” тамойили ва “Инсон эътиқодсиз яшай олмайди” деган аниқ ишонч асосида қатъий ва принципиал қилиб белгилаган.

Мустақил ривожланишнинг ўтган қисқа тарихий даврида бу борада эришилган ютуқлар Ўзбекистоннинг ўз танлаган тараққиёт йўлида ёрқин намоён бўлмоқда. Мамлакатимизда диний, миллий ва ирқий асосдаги камситишлар ва низолар рўй бермаган. Ўзбек халқининг бағрикенглиги турли эътиқод ва маданиятларга ҳурмат билан қарашини миллат ва элат вакиллари томонидан чуқур самимият билан эътироф этилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда 16 та конфессияга мансуб 2 239 диний ташкилот, Конституциямиз кафолатлаб берган тенг ҳуқуқлилик асосида демократик, ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида ягона оила сингари бирлашганлар.

Ҳукуматимиз томонидан ҳар йили турли динларга эътиқод қилувчи фуқароларимизга қулайликлар яратишга қаратилган тадбирларни амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, ҳар йил фуқароларимиз муқаддас қадамжоларга сафар қилишлари ташкил этилади. Жорий 2016 йилда ҳам 5200 та мусулмонларимиз Ҳаж ва 6 000 дан зиёд фуқароларимиз Умра амалларини мукаммал бажариб келишга мувафақ бўлдилар.

Фуқаролар диний ибодат ва расм-русумларини энг юқори ташкилий савияда адо этиш имконига эга бўлдилар. Мустақиллигимизнинг 25 йили давомида ўзбекистонлик ҳожилар сони 100 000, умрачиларимиз эса 90 000 дан ошди.

Анжуманда Ўзбекистонда фуқароларнинг виждон ва диний эркинлиги борасидаги конституцион ҳуқуқларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ва динлараро дўстлик-ҳамкорлик ғояларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилиши қайд этилди.

Ўзбекистон халқининг диний бағрикенглик ғояларига содиқ эканлигининг яққол ифодаси сифатида динлараро дўстлик ва ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилганини таъкидлаш жоиз. Жумладан, “Имом Бухорий” халқаро маркази, Тошкент Ислом университети, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига қарашли диний таълим муассасалари, православ ва протестант семинарияларида диний бағрикенгликни тарғиб этувчи турли тадбирлар мунтазам ўтказилмоқда.

Республикада фаолият кўрсатаётган турли конфессиялар томонидан Ўзбекистонда диндорларнинг эмин-эркин ибодат қилишлари учун барча шароитлар яратилгани эътироф этилмоқда. Мусулмонлар учун “Ҳидоят” ва “Ислом нури” нашрлари, православликка эътиқод қилувчилар учун “Слово жизни” газетаси, “Восток свыше” журнали, шунингдек, ибодат маърузалари ва бошқа маърифий нашрлар чоп этилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистонда барча диний ташкилот ва конфессиялар вакиллари фаолияти учун бирдек қулай имкониятлар мавжудлиги турли диний конфессияларга мансублигидан қатъий назар, бирдам ва якдил экани эътироф этилмоқда. Мисол тариқасида бу йил апрел ойида дунё христаианлари қаторида ўзбекистонлик православ черкови издошлари ҳам Пасха байрамини кенг нишонладилар. Шу муносабат билан улардан 130 дан зиёди Исроилнинг Қуддуси шариф шаҳридаги муқаддас қадамжоларни зиёрат этиб келди. Бу каби зиёратлар ҳар йили ташкил этилади. Бундан ташқари улар йил давомида Греция, Туркия ва Россиянинг турли қадамжоларини зиёрат этиш имконига эгалар.

Мамлакатимизда диний соҳада олиб борилаётган давлат сиёсати Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни, БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1948 йил 10 декабрь куни қабул қилинган “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси” моддалари ва бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар асосида амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини асраш, уни турли нотўғри қарашлардан соф ҳолда сақлаш, диннинг маънавий-маърифий салоҳиятини жамиятдаги барқарорлик, ижтимоий ҳамкорлик, конфессиялараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга йўналтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Мавжуд муаммоларни ҳал этиш жамиятимизнинг барча аъзолари олдига қатор вазифаларни қўяди. Жумладан, республикамизда олиб борилаётган виждон эркинлиги соҳасидаги сиёсат, унинг амалий натижалари, мамлакатимизда қарор топган бағрикенглик муҳитини омма орасида кенг ёритишга қаратилган тадбирларга диний ташкилотлар вакиллари, мутахассис олимларни фаол жалб қилиш орқали уларнинг самардорлигини таъминлашни тақозо этади.

Мазкур вазифаларни ҳал қилиш йўлидаги ишлар давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан узвий ҳамкорликда олиб борилиши натижасида диний бағрикенглик тамойиллари жамиятимизда содир бўлаётган маънавий ўзгариш ва юксалиш жараёнларининг муҳим омили сифатида намоён бўлмоқда.

Ҳар йили республикадаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш борасида диний ташкилотлар ходимлари томонидан маҳаллалар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида тарғибот-ташвитқот ишлар олиб борилмоқда. Мазкур маънавият соатларида ўқувчи ва талабалар, профессор-ўқитувчилар иштирокида бугунги куннинг долзарб мавзулари ёритилиб, саволларга жавоблар берилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон миллатлар ва динлараро муносабатларни янада мустаҳкамлашга йўналтирган одилона сиёсати натижасида жаҳон ҳамжамиятига ибрат бўлмоқда.

Дин ишлари бўйича қўмита

ахборот хизмати