Бухоро табаррук қадамжолари, мафтункор тарихий обидалари, ўзига хос кўчалари, меҳмондўст аҳолиси билан машҳур. У ислом динининг маркази, шариф ва фахрли шаҳар, шаҳарлар имоми, деб ҳам эъзозланади. Шаҳарнинг маркази УНEСCО жаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Вилоятда кўплаб қадимий масжид ва мадрасалар мавжуд. Уларни зиёрат қилиш сайёҳларга ислом меъморчилиги ва маданиятининг бебаҳо мероси билан яқиндан танишиш имконини беради. Уларнинг ҳар бири чуқур тарихий илдизга эга, Бухоро тараққиётининг турли босқичларини ифода этади. 

Масалан, Кўкалдош мадрасаси нафис нақшинкор кўриниши билан бой ўзбек меъморчилигининг ноёб қирраларини очиб беради. Калон масжиди йирик кўлами ва бетакрор меъморчилиги ила ҳар қандай сайёҳни ҳайратга солади. Исмоил Сомоний мақбараси эса Бухоронинг бой маданий меросини ифодаловчи энг қадимий ёдгорликлардан. Мазкур объектларнинг ҳар бири ўзбек меъморчилиги дурдоналари бўлибгина қолмай, уларни барпо этганларнинг ҳаёти ва эътиқоди тўғрисида ҳикоя қилувчи бебаҳо тарихий маълумотларни ўз ичига олган. Эски шаҳарга ташриф нафақат ислом меъморчилигининг гўзаллигидан баҳра олиш, балки давр руҳини ҳис қилиш, Бухоро маданий меросининг қадр-қимматини англаш имконини беради.

Бугун зиёрат туризми ривожланган Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб давлатларидан зиёратчиларни мамлакатимизнинг тарихий шаҳарлари, хусусан, Бухорога жалб этиш асосий вазифа сифатида белгилаб олинган. Абдухолиқ Ғиждувоний, Ориф Ревгарий, Анжир Фағнавий, Али Ромитаний, Бобойи Самосий, Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд шу заминда мангу қўним топгани зиёрат туризми йўналиши учун асосдир. 

Таниқли олим ва файласуфлар билан боғлиқ манзилларни кўриш, қадамжоларини зиёрат қилиш, шунингдек, уларга алоқадор кутубхоналар, таълим муассасаларида бўлиш хорижлик сайёҳларда унутилмас таассурот қолдиради. Мисол тариқасида Абдулазизхон мадрасасини келтириш мумкин. ХВИИ асрга тааллуқли ушбу обида ўз даврида Бухородаги энг йирик ўқув муассасаларидан бири бўлган. Бу ерга келувчилар маориф ривожига улкан ҳисса қўшган машҳур олим ва ҳукмдор Абдулазизхоннинг ҳаёти ва илмий фаолияти билан яқиндан танишади.

Шундай манзиллардан яна бири Абу Али ибн Сино кутубхонасидир. У атоқли табиб, олим ва файласуфнинг ҳаёти ҳамда илмий ютуқларига оид қимматли қўлёзма ва китоблар сақланадиган жой бўлиб, бу ерда уларни кўриш, алломанинг тиббиёт ҳамда фалсафага қўшган ҳиссаси ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиш мумкин.

Бухородаги энг йирик сайёҳлик манзилларидан яна бири Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасидир. ХВИ асрга тааллуқли мақбара мутасаввуф ёдгорлик мажмуасида жойлашган. Ушбу меъморий ёдгорликка шайбоний Абдулазизхон асос солган.  

Бухородаги эски қалъа ва мудофаа иншоотларини ўрганиш, шунингдек, шаҳар тарихининг турли даврдаги мудофааси ҳақида маълумот олиш нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳларга ҳам жуда қизиқ. Бу йўналишга Арк қалъаси, Чашмаи Айюб, Бухоро девори, Файзобод қалъаси, Бухоро мудофаа музейини киритиш мумкин.

Бухоро арки шаҳарнинг В асрга оид қадимий қалъасидир. Унда нафақат ҳукмдорлар, балки буюк олимлар, шоиру файласуфлар яшаб, ижод қилган. Шаҳар маданияти энг юксалган ўрта асрларда аркда Рудакий, Фирдавсий, Абу Али ибн Сино, Форобий, Умар Ҳайём каби буюклар яшаган. У шаҳарга ҳайратланарли ва ўзига хос кўриниш тақдим этади.

Зиёрат туризмининг ажралмас қисмига айланган Пойи калон мажмуаси эса ХИИ-ХВИ асрларда барпо этилган. Мажмуа масжид ва мадрасани ўз ичига олган, ислом меъморчилигининг энг яхши намуналаридан бири. 

Ҳозиргача фаолият юритиб келаётган энг қадимги диний мактаблардан бири Мир Араб мадрасасида сайёҳлар мусулмон университетининг очиқ, ҳайратланарли ҳаётини кўриши мумкин.

Бухоронинг ажойиб сайёҳлик имкониятига гувоҳ бўлишни истаган сайёҳ Лаби ҳовуз мажмуасига бориши шарт. У Марказий Осиёдаги ушбу турдаги иншоотлар ичида энг катта ва қадимийси. Ҳозир мадраса ҳовлисида миллий рақс ва либослар намойиши билан машҳур халқ томошаси тез-тез ўтказиб турилади.

Бухорога ҳар йили кўплаб сайёҳлар келади. Масалан, ўтган йили МДҲдан 790,9 минг, Европадан 285,5 минг, Осиёдан 281,8 минг, Америка қитъасидан 24,2 минг меҳмон ташриф буюрган. Уларнинг катта қисми Россия, Қозоғистон, Франция, Туркия, германия, Италия, Испания, Буюк Британия, АҚШ ва Хитой ҳиссасига тўғри келади.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятга 455,2 минг хорижлик келган. Уларга кўрсатилган хизмат орқали туризм экспорти 113,8 миллион долларга етди. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 34,6 фоиз кўп.

Бухорога келаётган маҳаллий сайёҳлар сони ҳам йилдан йилга ўсиб бормоқда. 2022 йилда улар сони 2 миллион 961,1 мингни ташкил этган бўлса, 2023 йилга келиб, бу кўрсаткич 3 миллион 490 мингга етди. Жорий йилнинг айни пайтигача эса Бухорога 1 миллион 439,5 минг юртдошимиз саёҳат қилган.

Кейинги йилларда мамлакатимиз сайёҳлик бўйича халқаро майдонда юқори ўрин эгаллаётир. Масалан, глобал мусулмон саёҳат индексининг 2024 йил мусулмон туристлар учун дунёдаги энг яхши давлатлар рейтингида Ўзбекистон 14-поғонани эгаллади. Цингапурда жорий йил 30 майда 27 давлатнинг 80 нафардан зиёд вакили иштирокида ташкил этилган «Ҳалал Ин Травел – Глобал Суммит 2024» умумжаҳон саммитида бу йилги мукофот Бухорога топширилди. 

Бухоронинг сайёҳлик имкониятини ошириш доирасида кўплаб чора-тадбирлар кўрилмоқда. Айни пайтга келиб шаҳардаги меҳмонхоналар сони 198 тага, оилавий меҳмон уйлари 268 тага, хостеллар 73 тага етди. Жорий йилда яна 8 та меҳмонхона, 1 та хостел, 16 та оилавий меҳмон уйи очилади.

Бундан ташқари, халқаро брендларнинг фаолият юритиши шаҳарнинг сайёҳлик имижига ижобий таъсир кўрсатяпти. Шу билан бирга, шаҳарга жалб қилинаётган инвестиция ҳажми 2023 йилда 83 миллион долларга етди. Бугунга келиб бу ерда 161 та туроператор фаолият юритмоқда.

Ҳудудда туризм саноати тараққиёти инфратузилма ривожланиши ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилмоқда. Натижада Бухорода туризм йўналиши билан машғул киши сони 2022 йилда 8 минг бўлган бўлса, 2023 йилда бу кўрсаткич 10 мингни ташкил этди. Ўтган йили сайёҳларнинг туристик объектларда бўлиш давомийлиги 3-3,5 кун эди. Жорий йил якунида ушбу кўрсаткич 4 кунга етиши кутилмоқда.

Шу йил 3 июнида ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижлик туристлар оқимини кўпайтириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди. Йиғилишда давлатимиз раҳбари соҳадаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Уларнинг туризм хизматларини экспортолди молиялаштиришни йўлга қўйиш, туроператорларга қўшилган қиймат солиғини субсидия сифатида қайтариш муддатини узайтириш, туризм географиясини кенгайтириш, миллий меҳмонхона брендлари яратиш, ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш ва хорижда малакасини ошириш каби кўплаб таклифлари бўйича тегишли кўрсатмалар берди.

Бухоронинг туристик жозибаси ҳамда сайёҳлар сонини ошириш мақсадида ҳудуд инфратузилмасини яхшилаш ва туризмни ривожлантириш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш учун авиақатновлар кўпайтирилмоқда. Жумладан, жорий йил июнидан бошлаб Тошкент – Бухоро – Тошкент йўналиши бўйича авиақатновлар душанба ва шанба кунлари 3 мартадан, сешанба, чоршанба, пайшанба, жума ва якшанба кунлари эса 2 мартадан амалга оширилади. 

Бу ерда тақдим этилаётган ҳар бир тарихий маршрут сайёҳларга ўтмишга саёҳат билан бир қаторда шаҳарнинг асрлар давомида қай тарзда ривожланиб келганини ҳис қилиш имконини беради. Шунингдек, меҳмонларнинг ушбу қадимий шаҳар ҳақида тўла маълумот олишига ёрдам бериши шубҳасиз.

Олим ОСТОНАҚУЛОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессори, иқтисодиёт фанлари доктори

Манба: «Янги Ўзбекистон» газетаси 2024 йил 15 июнь, 118-сон