Мино ва Арафот водийлари зиёратчиларни кутиб олишга тайёр
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунгача Ўзбекистон ишчи гуруҳи вакиллари томонидан зиёратчиларимиз улуғ ибодатни бекаму кўст адо этишлари учун Мино, Арофат ва Муздалифа водийларида барча шарт-шароитлар тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилган.
Айни мақсадда ишчи гуруҳи ва шифокорларнинг маълум аъзолари мазкур муборак водийларда бир муддат олдин бориб, зиёратчиларимизни кутиб олишга шай бўлиб турибдилар.
Хусусан, ҳожиларимиз учун Мино ва Арафот водийсида иссиқ ўтказмайдиган чодирларда “Sofa bed” (ёстиқ ва юмшоқ тўшак), «Мартаба» (тўшак), кондиционер сингари қулайликлар қилинган.
Шунингдек, барча шароитларга эга тиббиёт марказлари, 3 маҳал иссиқ овқат ва 24 соат давомида чой ва салқин ичимликлар билан таъминлаш йўлга қўйилади. Муздалифада эса ҳожиларга махсус тўшак ва соябонлар тарқатиш режалаштирилган.
Айни пайтгача соҳа раҳбарлари томонидан ишчи гуруҳи аъзолари, элликбошилар ва шифокорлар жамоасига ҳаж жараёнларини намунали бошқариш, белгиланган тартибларга риоя этиш ва шаръий масалалар ҳақида батафсил тушунтирилди.
Эслатиб ўтамиз, бўлғуси ҳожиларимиз 14 июнь жума куни Мино водийсида, 15 июнь шанба куни эса Арафот ва Муздалифа водийларида ҳаж амалининг асосий рукнларини адо этадилар.