Мулоқотда Ҳаж ва умра вазири икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик равнақ топаётгани, ҳаж ва умра зиёратчилари сони кескин ошаётгани, Президент Шавкат Мирзиёев ва Икки Муқаддас масжид ходими, Подшоҳ Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд, валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ўртасидаги дўстона муносабатлар ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиққани алоҳида қайд этилди.

Тавфиқ бин Фавзон Рабиа сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан ҳаж ва умра зиёратларини юқори даражада ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани учун чуқур миннатдорлик изҳор этди.
 
Ўзбекистон томони Саудия ҳукуматининг ҳаж мавсумини юқори даражада ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларини ижобий баҳолаган ҳолда юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар, Самарқандда бунёд этилаётган Имом Бухорий инновацион музейи, Тошкент шаҳрида қад ростлаётган Ислом цивилизацияси маркази ҳақида атрофлича маълумот берди. Тавфиқ бин Фавзон Рабиа бундай улкан бунёдкорлик ишларига ҳар жиҳатдан амалий кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.

Шу куни Ўзбекистон делегацияси ва Малайзия дин ишлари вазири, сенатор, доктор Ҳожи Муҳаммад Наим бин Ҳожи Мухтор билан ҳам ўзаро ҳамкорлик алоқаларини равнақ топтириш юзасидан учрашув ўтказилди.

Учрашувлар дўстона руҳда ва юқори кайфиятда бўлиб ўтди.