Айни кунларда 15 000 нафарга яқин бўлажак ҳожиларимиз Саудия Арабистонида бўлиб, муқаддас зиёратни амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқдалар.

Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш, ибодатларни эмин-эркин ҳамда тўла-тўкис амалга оширишлари учун юқори малакали Ишчи гуруҳи, шифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилган бўлиб, барча зарурий шарт-шароитлар яратилган.

Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида «Ҳаж-2024» визаси бўлиши шарт.

Саудия Арабистони ҳукумати қолган барча турдаги визалар - умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга қатъий йўл қўймайди.
 
Тушунтириш ва огоҳлантиришларга қарамай, ҳозирда айрим турфирмалар ва учинчи давлатлар орқали фуқароларимизни ҳаж зиёратига жўнатиш ҳолатлари кузатилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, Саудия ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан амалга оширилаётган рейдлар натижасида ноқонуний равишда Ҳаж ибодатини амалга оширишга уринган шахсларга нисбатан жазо чоралари қўлланилади ва депорт қилинади.

Республикамизда «Ҳаж» тадбири Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 7 июндаги 364-сон «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилади.

Шунга кўра, ҳаж тадбирини ташкил этиш вазифаси сайёҳлик фирмаси ёки турагентликлар ваколатига кирмайди.

Шундай экан, юртдошларимизни турли алдов йўллари билан ҳажга олиб боришни ваъда қилаётган фирибгарларга ишонмасликка чақирамиз!