Мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний-маърифий йўналишда, хусусан, ҳаж ва умра тадбирларини юқори савияда ташкил этиш бўйича ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларимизнинг муқаддас зиёратга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондириш мақсадида Раҳбарият кўрсатмаси асосида  ҳаж ва умра сафарларини ташкил этиш мутлақо янги сифат босқичга олиб чиқилди.

Шуни алоҳида эътироф этиш лозимки, сўнгги йилларда Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ва хизмат кўрсатиш йўналишидаги ишлар тубдан яхшиланди ва такомиллаштирилди.

Шу ўринда, “Ҳаж-2024” мавсуми билан боғлиқ муҳим янгилик ва маълумотларга тўхталиб ўтсак:

Давлатимиз Раҳбарининг ташаббуслари билан фуқароларимизнинг ҳаж ибодатларини юқори савияда ҳамда тартибли ташкил этиш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Авваллари ҳаж квотаси 5 200 нафарни ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу рақам 7 200 нафарни, 2022 йилда 12 000 нафарни, 2023 йилда эса 15 000 нафарни ташкил этди.

Жорий йилда ҳам Ўзбекистон фуқаролари учун умумий ҳаж квотаси 15 000 нафар этиб белгиланди.

Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг самараси ўлароқ ҳаж сафарига борувчи фуқароларимиз сонини кейинги йилларда босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган.

Ҳаж-2024” мавсумига пухта тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида, дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига етиб бориб, айни пайтда Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда, шунингдек, Мино, Арафот, Муздалифа манзилларида бўлиб, юртдошларимиз учун барча шароитларни ҳозирлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар.

Шунингдек, ўзбекистонлик зиёратчилар учун ажратилган меҳмонхоналар шай ҳолатга келтирилган ҳамда юртдошларимизни кутиб олиш бўйича барча зарурий ишлар амалга оширилди.

Азиз юртдошлар!

Юртимиз зиёратчилари шу йилнинг 23 майдан 7 июнь кунига қадар республиканинг 10 та ҳудудий халқаро аэропорти: Тошкент, Наманган, Фарғона, Қарши, Термиз, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Урганч, Нукус шаҳарлари орқали ҳожиларни Мадина шаҳрига юбориш ҳамда 22 июндан 12 июлга қадар Жидда шаҳридан Ўзбекистонга олиб келиш ишлари амалга оширилади.

Маълумот учун, зиёратчиларимиз Мадина шаҳрида “Масжиди Набавий”дан 100 метр узоқликда жойлашган 5 юлдузли “Зам-зам Пуллман” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида эса “Abraj al-Dana”, “Al-Ayam Elite”, “Dali Hotel”, “Najma Al-Saad”, “Open Hotel”, “Shueae Nozha Hotel”, “Ayed Al-Saha” меҳмонхоналарида истиқомат қиладилар.

Ҳаж мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш, ибодатларни эмин-эркин ҳамда тўла-тўкис амалга оширишлари учун юқори малакали Ишчи гуруҳишифокорлар, ошпазлар ва гуруҳ раҳбарлари жалб этилади.

Азиз юртдошлар!

Саудия Арабистони Подшоҳлиги томонидан белгиланган тартибга мувофиқ Ҳаж амалларини бажариш учун зиёратчида “Ҳаж-2024” визаси бўлиши шарт.

Саудия Арабистони ҳукумати қолган барча турдаги визалар - умра, туризм, бизнес, зиёрат ва бошқалар билан ҳаж тадбирини амалга оширишга қатъий йўл қўймаслигини эслатиб ўтамиз.

Республикамизда “Ҳаж” тадбири Вазирлар Маҳкамасининг
2017 йил 7 июндаги 364-сон “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ўтказилади. Шунга кўра, ҳаж тадбирини ташкил этиш вазифаси сайёҳлик фирмаси ёки турагентликлар ваколатига кирмайди.

Шундай экан, турли алдов йўллари билан ҳажга олиб боришни ваъда қилаётган фирибгарларга ишонмасликка чақирамиз!

Муборак сафарга отланаётган қадрли зиёратчилар!

“Ҳаж-2024” мавсуми намунали ва тартибличиройли ва кўнгилдагидек ўтишини, сафарларингиз бехатар, ибодатларингиз мукаммал, дуоларингиз мустажоб бўлиши, Она ватанимизга соғ-саломат қайтиб келишингизни Яратгандан сўраб қоламиз.

Эътиборингиз учун раҳмат!