Форумда 12 хил йўналишдаги кўргазмалар, конференциялар ташкил қилинди. Ўзбекистон делегацияси «Россия – Ислом дунёси: кўпқутбли, адолатли дунё тузилиши ва хавфсиз тараққиёт» номли халқаро анжуманда иштирок этди. Унда 100 дан ортиқ хорижлик олимлар, мутахассислар, давлат ва жамоат арбоблари, диний етакчилар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. 

Анжуманни Татарстон Республикаси раҳбари Рустам Минниханов очиб берди. Бундан ташқари Бутунжаҳон мусулмон уюшмалари кенгаши раиси Али Рашид ан-Наими (БАА), Ислом ҳамкорлик ташкилоти бош котиби вакили Муҳаммад Солиҳ, ИCЭСCО бош котиби Солим Молик, шунингдек, Миср, Туркия, Индонезия, Покистон, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон ва бошқа давлатларнинг олим ҳамда мутахассислари иштирок этдилар. 

Сўзга чиққанлар ўз нутқларида диний бағрикенглик, тинчлик ва хавфсизлик, ўзаро ишонч, ҳамкорликда ҳаракат қилиш бугунги кунда энг долзарб масалага айлангани, дунё кўпқутблилик томон интилаётгани кабиларга тўхталдилар.

Конференцияда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси М.Комилов нутқ сўзлаб, диний бағрикенгликка тўхталди, унинг давлат ва жамият тараққиёти, келажак авлод таълим-тарбияси, камолотидаги ўрни ва аҳамияти беқиёс эканлигини таъкидлади. Ўзбекистонда диний бағрикенгликка ҳамиша устувор аҳамият қаратилиб келиниши, ушбу соҳада президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари ва раҳнамоликларида тизимли ва тарихий ислоҳотлар амалга оширилиб келинаётганига эътибор қаратди. 

Янгиланаётган Ўзбекистонда виждон ва дин эркинлиги фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқларидан бири ҳисобланиши, инсон манфаатлари ва эркинликларининг қадрланиши янада устуворлик касб этиши таъкидланди.

Тадбир асносида Россия ислом институти, Муҳаммадия ўрта махсус мадрасаси, Булғор ислом академияси фаолияти билан танишилди. Мулоқотларда икки мамлакат таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликда маъруза ва семинар тренинглар ташкил этиш, ҳамкорликларни ривожлантириш юзасидан таклифлар билдирилди.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати