Аввал хабар берганимиздек, Ҳаж мавсуми жорий йилнинг 4 июнь кунидан бошланади. Ушбу муборак сафарни юқори савияда ташкил қилиш ва ҳамюртларимиз амалларини чиройли адо этишлари учун барча шарт-шароитлар ҳозирланмоқда.

 Бу йилги мавсумни юқори даражада ташкил этиш ва зиёратчиларимиз учун янада қулай шароитлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 Шу мақсадда, Саудия Арабистонида зиёратчиларга намунали хизмат кўрсатиш ва улар ҳаж ибодатларини мукаммал адо этишлари учун “Ҳаж – 2023” ишчи гуруҳи томонидан мавсумга кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилмоқда.

 Жумладан, зиёратчилар истиқомат қилиши режалаштирилган Мадина шаҳридаги “Zam-zam Pullman”, Макка шаҳридаги “Roshidiya”, “Abraj al-Dana”, “Laba Darna”, “Ruba al-Hijaz” меҳмонхоналари атрофлича кўздан кечирилмоқда.

 Хусусан, ҳар бир хонада ётоқ чойшабларининг озодалиги, ювиниш хонасидаги шароитлар, совутгич, музлатгич, журнал столи, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим, телефон, телевизор ва замонавий мебеллар билан жиҳозланганига алоҳида эътибор қилинди.

Шунингдек, ошхонадаги стол-стуллар, овқат тарқатиш жойлари ва тиббий бўлимдаги ўринлар сони, жиҳозлар ҳолати, дори-дармон сақлаш омбори кўздан кечирилди ҳамда зиёратчилар учун хизматлар сифатини янада оширишга эътибор қаратилди. Зиёратчиларга йўл-йўриқ кўрсатувчи белгилар фойелар, коридорлар, қаватлар ва лифтларга ўрнатилди.

Ишчи гуруҳи томонидан барча йўналишлар бўйича тайёргарлик ишлари зиёратчиларимизнинг биринчи гуруҳи муборак заминга етиб боргунга қадар давом этади.

«Ҳаж-2023» сафари билан боғлиқ жараёнлар ҳақида расмий саҳифаларимизда маълумот бериб борамиз.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати