Ўзбекистонда ҳаж мавсуми 2023 йил 4 июндан бошланади. Мамлакатимиздан Саудия Арабистонига шу йил 2023 йил 4 июндан 19 июнга қадар ҳар куни 4 та авиақатнов амалга оширилади.

 Ўтган йилларда зиёратчиларимиз Республикамизнинг 7 та ҳудудий аэропортларидан кузатилган бўлса, бу йил янада қулайлик яратиш мақсадида, ўлкамизнинг 10 та ҳудудий аэропортларидан – Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Фарғона-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Термиз-Мадина Урганч-Мадина, Нукус-Мадина ва Навоий-Мадина йўналишлари бўйича зиёратчилар ҳаж сафарига кузатилади.

 “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш бўйича Республика Жамоатчилик кенгаши “Ҳаж – 2023” мавсумига тайёргарлик ишларини турли йўналишларда амалга оширилмоқда. Жумладан,зиёратчиларни гуруҳларга ажратиш, элликбошилар бириктириш, уларнинг малакасини ошириш, шифокорлаш ажратиш, ошпазларни жалб этиш ишлари якунига етказилди.

«Ҳаж-2023» мавсумига тайёргарлик ишларини амалга ошириш мақсадида дастлабки ишчи гуруҳ Саудия Арабистонига жўнаб кетган ва айни пайтда улар томонидан барча ташкилий ва амалий саъй-ҳаракатлар олиб бормоқда.

 Тажрибали уламолар томонидан элликбошилар билан зиёратчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан сафар олди ўқув машғулотлари ўтилди. Шу кунларда гуруҳ раҳбарлари зиёратчилар билан сафар олди ўқув машғулотларини бошлаб юборди. Ҳаж амалининг фазилати, рукнлари, сафарга тайёргарлик кўришда нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақидаги масалалар баён этилмоқда. Шунингдек, ҳаж ибодатининг одоблари ва тартиб-қоидалари ҳам тушунтирилмоқда. Қолаверса, 
зиёратчиларга ҳаж рисоласи ҳам тақдим этилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида ҳаж ибодати ҳақидаги туркум суҳбатлар, тавсиялар, мақолалар, шаръий савол-жавоблар бериб борилмоқда.

«Ҳаж-2023» сафари билан боғлиқ жараёнлар ҳақида расмий саҳифаларимизда маълумот бериб борамиз.

Дин ишлари бўйича қўмита 
Ахборот хизмати