Бугун, 13 декабрь куни Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев Индонезиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунарё Картадината ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган мулоқот ташкил этилди.

Мулоқот аввалида сўнгги йилларда Ўзбекистонда  диний-маърифий йўналишда амалга оширилган кенг кўламли янгиликлар, ўзгаришлар ва ташаббуслар ҳақида маълумот берилди. Жумладан, Президентимиз ташаббуслари билан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилгани, Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказлари очилгани, Ҳадис илми мактаби, Мир Араб олий мадрасаси фаолият кўрсатаётгани,  “Вақф” хайрия жамоат фонди тузилгани айтилди.

Юртимизда янги масжидлар очилаётгани, эскилари қайта таъмирланаётгани, зиёратгоҳ ва муқаддас масканлар обод этилаётгани, ислом илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшган буюк алломаларимизнинг бой мероси қайта тикланиб, халқимизга етказилаётгани ҳамда хорижда кенг тарғиб қилинаётгани таъкидланди.

Мамлакатимиз сайёҳлик салоҳиятининг кенглиги, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Насафий сингари ислом оламида катта эътирофга эга алломалар билан боғлиқ қадамжоларнинг кўплиги боис республикамизда зиёрат туризми соҳаси ҳам ривожланиб бораётганига урғу берилди.

Шунингдек, сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги ҳамкорлик тобора кенгайиб бораётганига эътибор қаратилди. Хусусан, диний-маърифий соҳадаги алоқалар ҳам ривожланиб, вакилларимизнинг диний мавзуларга бағишлаб ўтказилаётган турли тадбирларда иштирок этиши, ўзаро тажриба ва ахборот алмашиши йўлга қўйилгани қайд этилди.

Ўз навбатида, С.Картадината Ўзбекистонда элчилик фаолиятини олиб бораётганлигидан мамнун экани, мамлакатимизда ўз юрти учун дипломатия хизматини амалга ошириш унга улкан шараф эканини алоҳида таъкидлади.

Элчи республикамизда диний-маърифий соҳани ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар, соф ислом таълимотини кенг тарғиб қилиш  борасида қилинаётган ишларни ижобий баҳолади.

Кейинги йилларда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан юртимизда диний бағрикенглик ва инсонпарварликни улуғлаш, миллатлараро ва конфессиялараро ҳамжиҳатлик ва тотувликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан дўстона ва тенг ҳуқуқли муносабатларни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланганини эътироф этди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонга ташриф буюрган меҳмонлар Президент Ш.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан мамлакатимизда барча соҳаларда улкан ижобий ўзгаришлар юз берганига гувоҳ бўлмоқда.

Индонезия Ўзбекистон билан сиёсий, иқтисодий, сармоявий, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда яқиндан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.

Айниқса диний йўналишдаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш томонлар манфаатларига хизмат қилишини айтди. Бу борада Индонезиядаги турдош ташкилотларнинг Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий, Имом Мотуридий марказлари билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқлигини маълум қилди.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати