ЮНEСКО халқаро ташкилоти шафелигида дунёда тинчлик, динлар ва конфессиялараро мулоқот–инсонпарварлик муносабатларини ўрнатиш, миллатлар ва элатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришда қатор ишлар амалга оширилиб, бағрикенгликка оид 70 дан зиёд халқаро ҳужжат қабул қилинган. 1995 йил 16 ноябрда Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНEСКО Бош конференциясининг 28-сессиясида эълон қилинган “Бағрикенглик тамойиллари декларацияси” бу саъй–ҳаракатнинг ёрқин намунасидир.  

Ҳозирда мазкур сана бутун дунёда “Халқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Мамлакатимизда тинчлик, осойишталик, мунаввар кунларимизнинг қард қимматини ёш авлод қалбига жойлаш, жамият тараққиёти йўлида инсонпарварлик ғояларини мустаҳкамлашга эътибор ортди. Ана шундай дориломон кунлар омили бўлган диний бағрикенглик, миллатлараро дўстлик  тамойилларини янада барқарорлаштиришга алоҳида ёндашиб келинаётгани ҳам мақсадга мувофиқдир. Бинобарин, юртимизда турлича диний эътиқодга эга бўлган кишиларнинг эмин–эркин, эзгу ғоя ва соф ниятлар йўлида ҳамкор ва ҳамжиҳат истиқомат қилиб келишаётгани ҳам бағрикенгликнинг ёрқин намунасидир. Айни кунда мустақил диёримизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари 16 та турли конфессияга эътиқод қилган ҳолда тинчлик ва хотиржамликда умргузаронлик қилишмоқда. Бундан ташқари, бугун вилоятда 12 та миллий-маданий марказ, 10 та ноисломий ташкилот фаолият юритмоқда. Мазкур марказлар аъзоларининг Ватанимиз тараққиёти йўлида қилаётган меҳнатлари муносиб баҳоланиб, турли йилларда нуфузли давлат мукофотлари билан тақдирланишгани ҳам инсонпарварлик намунаси, албатта. Қолаверса, вилоятимиздаги олий ўқув юртлари талабаларининг мингга яқини бошқа миллатга мансуб ёшлардан таркиб топган бўлиб, келгусида ҳудуд иқтисодий-ижтимоий тараққиётида ҳам уларнинг ҳиссаси қўшилиши шубҳасиз.

Халқаро бағрикенглик куни муносабати билан жумладан, Бухорода ҳам вилоят ҳокимлиги, республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, нодавлат–нотижорат ташкилотлари ҳамкорлигида барча шаҳар ва туманларда “Янги Ўзбекистон–миллатлараро тотувлик диёри” шиори остида 15–21 ноябрь кунларига мўлжалланган маданий–маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. Шундай тадбирлардан бири куни кеча “Маърифат ва миллатлараро бағрикенглик” шиори остида Бухоро давлат университетида ташкил қилинди. Унда ҳамкор ташкилотлар, вилоятдаги миллий маданий марказлар вакиллари ҳозир бўлдилар.

Анжуманни очар экан, вилоят ҳокимининг ўринбосари Mирали Ҳамроев иштирокчиларни халқаро байрам билан қутлаб, азалдан ўзбек халқи миллатлараро тотувлик, дўстона муносабат, бағрикенглик тимсоли, қолаверса, тарихи бир неча минг йилликларга туташ кўҳна ва боқий Бухоро қадим Шарқ цивилизацияси бешикларидан бири сифатида тан олинганини эътироф этди.

Шундан сўнг барча миллий маданий марказлар фаолияти қайд қилингани ҳолда ташкилотчилар томонидан улар вакиллари ташаккурнома ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. Эзгу ният ва хайрли ишларга эш бўлган тадбир қатнашчилари якунда университет ҳудудида ташкил этилган “Дўстлик боғи” да кўчат ўтқаздилар.

Айтиш жоизки, юртимизда ўтган йилдан эътиборан “Халқаро бағрикенглик куни”га бағишланган маданий–маърифий тадбирлар ҳафталиги ўзига хос анъана кўринишини олаётгани жойларда аҳоли, айниқса, ёш авлодни, вилоятимизда истиқомат қилаётган турли миллат ва элат вакилларининг тили, маданияти, анъаналари ва урф-одатларини сақлаш ҳамда ривожлантиришга, мамлакатимиз тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишга, жамиятда кўп миллатли катта оила туйғусини, миллатлараро тотувлик ҳамда диний бағрикенгликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.