Жорий йил 7 ноябрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин домла Холиқназаров ва Дин ишлари бўйича қўймита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзода билан учрашув ўтказдилар.

Учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов сўнгги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани, бунда БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФ билан йўлга қўйилган ҳамкорликнинг аҳамияти жуда катта экани, айниқса, ҳамкорлик дастурларида болалар ва оналар фаровонлигини ошириш, барқарор тараққиёт мақсадлари, хусусан, бола саломатлиги, таълим ва болалар ҳимоясига қаратилган мақсадларга эришиш борасидаги фаолият эътиборга молик эканини таъкидлади.   

Шунингдек, Давронбек Махсудов ўз сўзи давомида ЮНИСЕФ томонидан қўллаб-қувватланган дастурлар болаларга тааллуқли ҳуқуқий ҳужжатлар устида ишлашга, энг муҳтож оилалар ва ногирон болаларга урғу берган ҳолда миллий ҳамкорларнинг салоҳиятини оширишга қаратилгани, мазкур саъй-ҳаракатлар соғлиқни сақлаш, таълим ва болаларни ҳимоя қилиш жабҳаларига йўналтирилгани таҳсинга лойиқлигини таъкидлади.

БМТ Болалар жамғармаси – ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзода самимий қабул, хайрли тилак ва мазмунли нутқ учун миннатдорчилик билдирди. Мунир Мамадзода ўз сўзи давомида болалар ҳуқуқларини таъминлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш, соғлиғини асраб-авайлаш борасидаги яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилгани, янгиланаётган Ўзбекистонда бу борадаги хайрли ишларни янада ривожлантиришга имконият ва шароитлар яратилаётгани, ҳамкорликдаги дастурларни амалга оширишда замонавий ахборот технология ва методлардан фойдаланиш зарурлиги, дастурларнинг кенг ёйилиши ва амалга ошишида диний соҳа вакилларининг аҳамияти ниҳоятда катталигини қайд этди.

Йиғилиш сўнггида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорликка оид Меморандум имзоланди.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати