Самарқанд шаҳрида халқаро зиёрат туризми ҳафталиги очилди. Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва бошқа идоралар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда юртимиз ва хорижий давлатлардан туризм соҳаси ва диний ташкилотлар, нуфузли халқаро тузилмалар вакиллари иштирок этмоқда.
Маросим Қуръон тиловати билан бошланди. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов ҳафталик иштирокчиларини табриклаб, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.  

– Юртимизда туризм соҳасини янада ривожлантириш, мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида зиёрат туризмига алоҳида эътибор қаратилмоқда, – деди А.Абдуҳакимов. – Чунки, мамлакатимизда турли дин вакиллари учун зиёрат туризми объектлари жуда кўп ва бу масканларга келувчи сайёҳлар оқими йил сайин ошмоқда. Айниқса, мусулмон дунёсида жуда машҳур бўлган улуғ алломалар, азиз авлиёлар номи билан боғлиқ зиёратгоҳларимизга келишни истовчи сайёҳлар кўпчиликни ташкил этади. Шу сабабли бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда 2019 йил февраль ойида Бухорода халқаро зиёрат туризми форумини ўтказган эдик. Мазкур форум якунлари бўйича Бухоро декларацияси қабул қилинган. Ўтган давр мобайнида декларацияда белгиланган вазифалар асосида юртимизда зиёрат туризмини ривожлантириш, сайёҳларга қулай ва халқаро стандартларга мос шароит яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Натижада мамлакатимиз ислом зиёрат туризми бўйича дунё давлатлари орасида тўққизинчи ўринга чиқди. Ваҳоланки, 2017 йилда биз 32-ўринда эдик. Жорий йилда Сингапурда ўтказилган мусулмон дунёси зиёрат туризми бозорини ривожлантиришга бағишланган саммитда Самарқанд “Йилнинг энг яхши исломий манзили” деб эътироф этилди. Ислом Ҳамкорлик Ташкилотининг Бокуда ўтказилган бу йилги мажлисида Хива шаҳри 2024 йилда ислом дунёси туризм пойтахти деб эълон қилинди. 2023 йилда Самарқанд БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) нинг 25-ассамблеясига мезбонлик қилади ва “Бутунжаҳон туризм пойтахти”га айланади.

Маросимда шунингдек, Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази директори Шоазим Миноваров, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг Ислом тарихи, санъати ва маданиятини тадқиқ қилиш маркази (ИРСИКА) Бош директори Маҳмуд Эрол Қилич, Сингапурдаги “Crescent Rating” компанияси эксперти Бахарден Фазал, Корея мусулмонлар федерацияси президенти Ким Донг Ёк ва бошқалар сўзга чиқиб, Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш, муқаддас зиёратгоҳларни обод қилиш ва бу масканларга сайёҳларга қулайликлар яратиш борасида олиб борилаётган ишларни эътироф этди.  

– Мен шу соҳа бўйича халқаро эксперт бўла туриб яқин вақтгача Ўзбекистон дейилса, Имом Бухорийни билганим учун фақат Бухорони тушунардим, – дейди Сингапурдаги “Crescent Rating” компанияси эксперти Бахарден Фазал. – Кейинчалик шу соҳада тадқиқотлар олиб боришимиз жараёнида Ўзбекистонда туризм, хусусан, зиёрат туризмга алоҳида эътибор қаратилиб, зарур чора-тадбирлар кўрила бошлангач, тасаввурларим ўзгариб борди. Биз 2015 йилдан буён 140 дан ортиқ давлатнинг зиёрат туризми бозоридаги ўрни бўйича рейтингини эълон қилиб борамиз. Дастлабки тадқиқотларимизда Ўзбекистон ўттизталикдан пастда эди. Мамлакатда кейинги йилларда амалга оширилган ишлар, туризмни ривожлантириш учун танланган тўғри стратегия туфайли бу йил кучли ўнталикка кирди, яъни ҳозирда тўққизинчи ўринда қайд этилмоқда. Яқин йилларда бу кўрсаткич яна ҳам яхшиланишига, Ўзбекистон дунё зиёрат туризми марказларидан бирига айланишига ишонамиз.  

Куннинг иккинчи ярмида ҳафталик доирасида Самарқанд халқаро туристик маркази “Боқий шаҳар” мажмуаси ва “Конигил туризм қишлоғи”да “Замонавий исломий меъморчилик” кўргазмаси, “Ислом амалий санъати” фестиваль-ярмаркаси ва бошқа тадбирлар ўтказилмоқда.  

 

Ғ.ҲАСАНОВ,  

А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА