Муҳтарам Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувда: “Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим. Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати, ҳамма нарсадан устундир!” деб таъкидлаган эдилар.

Шу маънода куни кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини эълон қилди.

Лойиҳада асосий қонуннинг 64 та моддасига 200 дан ортиқ ўзгартишлар киритиш ҳамда 16 та нормани ўз ичига олган 6 та янги модда (прим-моддалар) қўшиш таклиф этилмоқда.

Мазкур лойиҳани кенгроқ тушунтириш, мазмун-моҳиятидан хабардор этиш ҳамда жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида жорий йил 29 июнь куни Дин ишлари бўйича қўмитада “Конституция – миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик ва эътиқод эркинлигимиз гаровидир” мавзусида ZOOM платформаси орқали тадбир бўлиб ўтди.

Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбирда Конституциявий комиссия раиси, юридик фанлари доктори, профессор, академик, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди ва маъруза қилди.

Йиғилишда Конституция барча қонунларимизнинг асоси, мамлакатимиз фаровонлиги, халқимиз бахт-саодатининг кафолати экани, сўнгги беш йилда ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётгани, бунинг замирида энг аввало инсон хуқуқ ва эркинликларига бўлган эътибор, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, инсон ҳуқуқларининг энг олий қадрият сифатида тан олиниши каби ҳаётий тамойил ётгани, Конституция – бу, истиқлол ва мустақил Ўзбекистон рамзи, ғурур-ифтихори, шу заминда истиқомат қилаётган, миллати, дини, ирқи, тилидан қатъи назар, барча учун мустаҳкам ҳимоя, фуқаролик жамиятимиз истиқболини аниқлаб берувчи дастуриламал ҳужжат экани билан бир қаторда, бугунги ислоҳотлар даврида уни ўзгартиришга катта эҳтиёж сезилаётгани алоҳида таъкидланди.

Шунингдек, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов “Конституция бу догма эмас, у ҳаракат учун дастур бўлиши керак. У қотиб қолган эмас, ўзимизни олайлик, масалан, инсон ҳам туғилади, ривожланади ва бошқа. Шунинг учун ўйлайманки, жамият ҳам ривожланмоқда” дея бўлаётган жараёнларга кенгроқ тўхталиб ўтди.

Янги Ўзбекистонга ҳамда унинг тараққиётига жавоб берадиган янги қоидаларни киритиш керак бўлади. Конституция лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унинг Янги Ўзбекистон тараққиётининг ҳуқуқий асоси экани, фуқароларнинг бурч ва мажбуриятлари, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамият ҳаётининг барча соҳаларини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият ҳамда маънавият ривожида муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши тўғрисида батафсил тушунтирилди.

Тадбирда вилоят ҳокимлари ўринбосарлари, Қўмитанинг ҳудудий бошқармалари ходимлари, вилоят, шаҳар ва туманлар бош имом-хатиблари, диний таълим муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчилари, ноисломий диний ташкилотлар вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, матбуот ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати