Бугун, 16 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида “Ҳаж – 2022” мавсумида хизмат кўрсатадиган ишчи гуруҳи, шифокорлар ва ошпазлар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.

Таъкидлаш керакки, икки йиллик пандемиядан сўнг бу йилдан эътиборан умра ва ҳаж зиёратига йўл очилди. Бу, шубҳасиз, миллионлаб инсонларнинг қалбига хурсандчилик олиб кирди. Янада қувонарлиси, ҳаж ибодатига борувчи зиёратчилар сони қарийб 4 минг нафар, 52 фоизга кўпайди. Албатта, бунда давлатимиз раҳбари томонидан диний-маърифий соҳага берилаётган эътиборнинг юксак намунаси десак асло муболаға бўлмайди.

Тадбирда зиёратчиларнинг ибодатлари мукаммал бўлиши учун уларга қулай шарт-шароитларни муҳайё қилиш борасида Макка ва Мадина шаҳарларидаги ҳаж ишчи гуруҳи аъзолари, гуруҳ раҳбарлари ва шифокорлар белгиланган вазифаларни тартибли ва мукаммал бажаришлари жуда ҳам зарур экани қайд этилди.

Йиғилишда ишчи гуруҳ аъзолари томонидан риоя этиладиган қонун-қоидалар, уларнинг бурч ва масъулиятлари, зиёратчиларга ҳусни-хулқ ила, чиройли одоб билан муомала қилишлари, ҳар бир қилаётган ишининг замирида инсон манфаатлари, унинг қадр-қимматига алоҳида эътибор қаратишлари, шунингдек, ҳаж ибодати рукнлари, сафарга жўнаб кетиш ҳамда Саудия Арабистонидаги ташкилий ишлар ҳақида атрофлича ёритилди.

Тадбир якунида мутасаддилар гуруҳ раҳбарлари томонидан берилган барча саволларга батафсил жавоб бердилар.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати