Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Халқаро ислом академияси ҳамкорлигида олий ва ўрта махсус таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказилаётган “Ватанни севмоқ иймондандир” иншолар танловининг республика босқичи қизғин паллага кирди.

Иштирокчилар дастлаб пойтахтимиздаги “Чинобод плаза” санаториясида зиёлилар билан мулоқотлар ўтказди. Ёшлар бу ерда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори Абдусаид Кўчимов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад, Республика маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов ва бошқалар билан мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ишлар хусусида суҳбатлашди.

Ўзбек Миллий академик драма театридаги “Жалолиддин Мангуберди” спектакли намойиши, “Ташкент сити”га саёҳат барчада катта таассурот қолдирди.

Тадбирнинг иккинчи куни “Янги Ўзбекистон” боғи, “Ғалаба” ёдгорлик мажмуасига саёҳат уюштирилди. Саёҳат мобайнида талабалар “Истиқлол” монументи ва “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбар қўйишди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда Ислом цивилизацияси маркази, Ҳазрати Имом мажмуаси, Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ҳам ташриф буюрилди. Ташриф асносида бир қатор сиёсий ва диний арбоблар билан мулоқотлар уюштирилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров, Халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комиловларнинг маърузалари талабаларнинг билим ва савиясини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Бугун танлов қатнашчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Ватанни севмоқ иймондандир” мавзусида иншо ёзишади.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати