Аввал хабар бериб ўтканимиздек, “Ҳаж – 2022” мавсумида ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатувчи дастлабки ишчи гуруҳи аъзолари Тошкент – Истанбул – Мадина йўналиши бўйлаб Саудия Арабистонига етиб бордилар. 

Ҳозирда юртдошларимиз учун Макка шаҳрида “Аброж ал-Ҳидоя” ҳамда Мадина шаҳрида "Пуллман Зам зам" ва "Краун Плаза" меҳмонхоналарида барча шарт-шароитлар ҳозирланган. 

Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳар куни ҳожилар турадиган хоналар кўздан кечирилиб, ётоқхоналарнинг озодалиги, совутгич ва музлатгичларнинг созлиги назорат қилинмоқда.  

Яна бир жиҳат, Макка ва Мадина шаҳарларидаги меҳмонхоналарда тиббиёт бўлими ҳам ташкил этилиб, юртдошларимиз соғлиқларини доимий равишда назорат қилиб боришлари учун қулай қаватга жойлаштирилди. Шунингдек, юртдошларимиз томонидан Ҳаж масалаларига доир савол ёки мурожаатлар бўлса, махсус ишчи гуруҳ штаби ташкил этилиб, 24 соат давомида зиёртачиларимизга хизмат кўрсатилади. 

Эслатиб ўтамиз, “Ҳаж – 2022” мавсумида зиёратчиларимиз шу йилнинг 18-30 июнь кунлари Тошкент-Мадина, Бухоро-Мадина, Наманган-Мадина, Самарқанд-Мадина, Қарши-Мадина, Урганч-Мадина ҳамда Нукус-Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатилади.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати