Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳазратлари Бухородаги юртимиз ва хориждаги нуфузли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокидаги “Декларациялар мулоқоти” форумида қатнашиб, нутқ сўзлади.

Муфтий ҳазратлари нутқлари аввалида нуфузли анжуман қатнашчиларини ташриф билан қутлаб, кейинги йилларда халқаро ҳамжамият билан алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётгани, ҳар бир дин ўз издошларини миллати, ирқи ва келиб чиқишидан қатъий назар дўстона муносабатда бўлишга чақириши, Ислом азалдан ўзга дин вакилларига эҳтиром ила муомалада бўлиш ва самимий мулоқот қилишни ўргатиб, тинч-тотув яшашга даъват этишини баён этиб, ушбу нуфузли форум ҳам турли дин вакилларининг ҳамжиҳат бўлиб, яхшилик йўлида ҳамкор бўлишига муҳим қадам бўлишини таъкидладилар.

Нутқ давомида Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда юртимизда диний жабҳада ҳам улкан ўзгаришлар амалга оширилгани халқимиз ҳаётида ўз аксини топиб, кўплаб ижобий натижаларга олиб келаётганини таъкидлаб, сўзлари якунида халқаро анжуман фаолиятига муваффақият тиладилар.

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати