Бугун, 3 март куни пойтахтимизда «БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режаси доирасида Марказий Осиё малакатларининг минтақавий ҳамкорлиги» мавзусида халқаро анжуман бошланди.

Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро  тадқиқотлар институти, Ташқи ишлар вазирлиги, БМТ тузилмалари — Террорчиликка қарши кураш бошқармаси ва Марказий Осиё учун превентив дипломатия бўйича минтақавий марказ ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти томонидан ташкил этилмоқда. 

Гибрид форматда ўтадиган анжуманда ХХР, Россия, АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, Марказий ва Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ҳамда бошқа минтақалар мамлакатларидан 600 нафарга яқин юқори мартабали шахс, миллий ва хорижий таҳлилий марказлар етакчи экспертлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтлари мутахассислари қатнашмоқда.

Анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номидан мурожаатнома ўқиб эшиттирилди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш халқаро конференция иштирокчиларига онлайн тарзда видеомурожаат йўллади.

3-4 март кунлари бўлиб ўтадиган нуфузли тадбирнинг якуний ҳужжати сифатида Тошкент декларацияси ва Қўшма ҳаракатлар режасининг янги таҳрири қабул қилиниши режалаштирилган.