Самарқандлик зиёратчилар Мадинаи мунавварадаги зиёратларини якунлаб, "PullMan Zam Zam" меҳмонхонасидан эҳромга кирган ҳолларида ташкилий равишда Зулҳулайфа водийсига бориб, у ерда икки ракат намоз ўқиб,  Умрани ният қилдилар, сўнгра махсус автобусларда Макка шаҳри томон йўл олдилар. 


Байтуллоҳга яқин жойда жойлашган "Hilton" меҳмонхонасида юртдошларимизни ишчи гуруҳ вакиллари кўтаринки кайфиятда кутиб олдилар. Зиёратчиларимиз  ўзларига ажратилган кенг ва ёруғ хоналарга жойлашганларидан сўнг, Умра амалини адо этиш учун Масжидул Ҳарамга йўл олдилар. Гуруҳ раҳбарлари бошчилигида тавоф, саъй, соч олдириш каби амалларни бажариб,  умра ибодатини тўлиқ адо этдилар. 


Эслатиб ўтамиз, зиёратчиларимиз учун "Hilton" меҳмонхонасида барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Тиббиёт ходимлари туну кун хизматда. Озиқ-овқат таъминоти ва қадамжоларга зиёратлар уюштириш билан боғлиқ хизматлар юқори савияда ташкил этилган. Барча фуқароларимиз яратилган имконият ва шароитлардан мамнун ҳолда дуо қилмоқдалар.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати