Муносиблар тақдирланди
Сўнгги йилларда давлатимиз Раҳбари томонидан барча тармоқ ва йўналишлар қатори диний-маърифий соҳага ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Буни янги ташкил этилаётган илм даргоҳлари, халқаро илмий-тадқиқот марказлари ва соҳадаги бошқа ўзгариш ва янгиликлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
Шунингдек, дин ишлари соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширишга масъул ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланган – Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг фаолияти янада такомиллаштирилиб, ҳудудий бошқармалар ташкил этилди.
Ўтган қисқа давр мобайнида ҳудудий бошқарма ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан, виждонан бажариб, самарали меҳнат фаолиятини олиб боришди. Жумладан, ҳудудлардаги олий ўқув юртлари, лицей ва коллежлар, мактабларда аҳоли, хусусан, ёшлар билан турли мавзуларда маънавий-маърифий учрашув ва давра суҳбатлари ўтказиш, жойлардаги муаммо ва камчиликларни ўз вақтида аниқлаб, ечими бўйича аниқ таклифлар билдириш ва ҳал этиш бўйича амалга оширилган ишлар шулар жумласидандир.
Шу муносабат билан, якунига етиб бораётган 2021 йилда диний-маърифий соҳа фаолиятини ривожлантиришдаги фаол иштироки, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси, ўзининг самарали меҳнати билан юклатилган вазифаларни муносиб бажариб келаётган бир гуруҳ мутахассисларга Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ташаккурномаси ва қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати