Шу кунларда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов Миср Араб Республикаси пойтахти Қоҳира шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турибди.

Ташрифнинг илк куни юртимиз делегацияси аъзолари Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ташаббуси билан Миср Араб Республикасида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди.

“Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар” мавзусида бўлиб ўтган тадбирни Ўзбекистоннинг Мисрдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Мансурбек Қиличев кириш сўзи билан очиб бераркан, талабаларни яқинлашиб келаётган 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллиги муносабати билан муборакбод этди. Бош қомусимиз юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мустаҳкам асоси эканлигини, эркин ва обод, демократик жамият барпо этиш кафолати бўлиб хизмат қилаётганини қайд этди.

Шундан сўнг, Музаффар Комилов Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси ҳамда шахсан элчи жаноблари Мансурбек Қиличевга кўрсатилаётган илтифот ва амалий ёрдам учун миннатдорлик билдирди. Академия ректори ўз нутқида сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар, миллий анъана ва қадриятларимизни ривожлантиришга давлат томонидан катта аҳамият берилаётгани ҳақида сўз юритди. Улуғ алломаларнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, ёшларни илм-маърифатли этиб тарбиялаш ҳар бир мамлакатнинг устувор вазифаси эканлигини қайд этди.

Самимий мулоқот давомида Музаффар Комилов Ўзбекистон халқаро ислом академиясидаги таълим ва илмий фаолиятидаги ютуқлар ҳақида тўхталиб ўтди. Талаба-ёшларга тинчлик дини бўлган ислом динининг мазмун-моҳияти, юртимизда туғилиб, дунё тамаддуни ривожига улкан ҳисса қўшган буюк мутафаккирларимизнинг бебаҳо маънавий меросини чуқур тадқиқ этиш, халқаро даражадаги замонавий мутахассис кадрларни тарбиялаш Академиянинг устувор мақсади эканлигини таъкидлади. Ўз навбатида Миср Араб Республикасида таҳсил олаётган ёшлар илм ўрганиш йўлида бардавом бўлиб, юртимиз ривожи йўлида хизмат қилишлари кераклигини қайд этди.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Учрашув якунида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан талабалар учун байрам дастурхони ташкил этилди. Учрашув талабаларда катта таассурот қолдирди. 

Ўзбекистонлик делегациянинг Миср Араб Республикасига қилган хизмат сафарлари давом этмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати