Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида 2021-йил 29-ноябр кунидан республикада фаолият олиб бораётган вилоят, шаҳар, туман бош имом-хатиблари учун “Янги Ўзбекистонда диний соҳа ходимлари олдида турган долзарб вазифалар: муаммо ва ечимлар” мавзусида 72 соатлик малака ошириш ўқувлари бошланди, дея хабар бермоқда Академия Ахборот хизмати.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлари мазмун-моҳиятини, 2017-2021-йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласидан келиб чиқиб, соҳада амалга оширилаётган инсонпарварлик ва тинчликпарварлик ғояларининг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда жамият аъзолари ўртасида миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик муҳитини янада яхшилаш мазкур ўқувларни ташкил этишнинг мақсади ҳисобланади. 

216 нафар тингловчилар иштирок этаётган ўқувлар икки босқичда ташкил этилиши режалаштирилган. 2021 йилнинг 29 ноябридан 11 декабрга қадар ўтказиладиган биринчи босқич ўқувларида 100 нафар бош имом-хатиблар иштирок этмоқда. 
Ўқув машғулотларининг биринчи кунини Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори М.Комилов кириш сўзи билан очиб берди. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъул ходими Ж.Нажмиддинов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Х.Ишматбеков, Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиқлари Б.Рустамов ва М.Ҳакимовлар иштирок этди ва тингловчиларга бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлар тўғрисида ва мазкур ўқувларнинг аҳамияти хусусида маълумот берилди.
Дастлабки машғулотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китобида кўтарилган масалалар таҳлили” мавзусида ўтказилди. 

Дарсдан сўнг тасдиқланган маънавий-маърифий тадбирлар режасига мувофиқ тингловчиларнинг турли зиёратгоҳларга ташрифлари амалга оширилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати