Сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, оила институтини ҳар томонлама мустаҳкамлаш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Бу борадаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида энг қуйи бўғин – маҳалла ва хонадонгача кириб борадиган вертикал тизим яратилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Афсуски, айрим ҳолларда хотин-қизлар турли шафқатсизликларга ҳам учраб туриши аччиқ ҳақиқат. Албатта, бундай ҳолларда уларнинг ҳуқуқлари умумий ҳуқуқий мезонларга мувофиқ ҳимоя қилиб келинган. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2019 йил 2 сентябрь куни хотин-қизларни ҳимоялаш механизмини кучайтириш мақсадида янги “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди.

Бугун, 25 ноябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита Қашқадарё вилояти бошқармаси масъуллари Ўзбекистон Республикаси “Хотин-қизлар тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида Қашқадарё вилояти юридик техникуми  билан ҳамкорликда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонлигининг олдини олиш масалалари” мавзусида учрашув ташкил этилди.

Тадбирда Қашқадарё вилояти юридик техникуми, Қашқадарё вилояти ички ишлар академик лицейнинг хотин-қизлари, туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларнинг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари иштирок этди.

Таъкидлаш керакки, Қонуннинг мақсади хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ҳамда бошқа жойларда тазйиқлар ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилишга қаратилган. Ушбу соҳадаги муносабатларни тартибга солиш, шунингдек, тазйиқлар ва зўравонликдан жабрланганларни ҳуқуқий ҳамда ижтимоий ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш ҳам қонуннинг муҳим мақсадларидан ҳисобланади.

Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати