Юртимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, дўстлик ва иноқлик ҳамиша қадрлаб келинади. Зеро, нафақат оилалар балки, мамлакатлар орасидаги яқин ҳамкорлик ва дўстона муносабатлар ҳар қандай нифоққа чек қўяди. Муштарак мақсадлар эса элни, юртни тараққиётга, фаровонликка бошлайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқида, Ўзбекистоннинг энг улкан бойлиги – турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликда, деб таъкидлаганлари бежиз эмас. Бинобарин, янги уйғониш – учинчи Ренессанс даврига пойдевор қўяётган халқимиз мамлакатдаги тинчлик ва фаровонликнинг қадрини бебаҳо деб билади. Зеро, яқин-узоқ минтақалардаги нотинчлик ва ўзаро адоват олови қанчадан-қанча инсонлар ҳаётини таҳликага солиб тургани маълум.

Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлиб ўтган “Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик – жамият барқарорлиги гарови” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция шу маънода кенг жамоатчилик эътиборини тортди. Конференция Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилди. 

Конференцияда таниқли олимлар, тадқиқотчилар, соҳа вакиллари, турли диний конфессия вакиллари, хорижлик нуфузли меҳмонлар иштирок этди.

Офлайн ва онлайн тарзда ташкил этилган тадбирни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов олиб борди. 

– Буюк ипак йўли чорраҳасида бўлган Ўзбекистон қадимдан турли цивилизация ва маданиятлар ўзаро муносабатга киришган табаррук юрт ҳисобланади, – деди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов. – Бу диёрда ёнма-ён яшаган турли халқлар, маданият ва динлар вакилларининг айнан дўстлик, яхши қўшничилик муносабатлари минтақамизнинг маданий ривожида муҳим омил бўлган. Бу анъана бугун ҳам давом этиб, турли миллат ва элат вакиллари мустақил Ўзбекистон тараққиёти йўлида бир мушт бўлиб ҳаракат қилаётгани кўпчилик учун ибратдир.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбонов юртимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган самарали ислоҳотларга алоҳида тўхталди.

– Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик таъминланган кўп миллатли мамлакатимизда турли халқларнинг маданият ва урф-одатларига ҳамиша ҳурмат билан қаралади, – деди у жумладан. – Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар марказида, аввало, инсон манфаати, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш устувор аҳамиятга эга. Президентимиз 2020-йил 29-декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлашга қаратилган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишни қайд этиб, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг резолюсияси билан ҳар йили 30-июлни – Халқаро дўстлик куни сифатида кенг нишонлаш, мазкур санани юртимизда “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этгани амалий ишлар самарасидир. 

Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари аҳил-иноқликда яшаб келмоқда. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини таъминлаш, таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш, миллатига хос анъана ҳамда қадриятларини ҳурмат қилиш учун барча зарур шароитлар яратилган.

– Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳа ва тармоқлар қатори диний-маърифий жабҳада, хусусан, турли диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини янада мустаҳкамлаш борасида жиддий ва салмоқли қадамлар ташланди, – деди Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев. – Айниқса, халқаро диний эркинликлар соҳасидаги экспертлар, соҳа мутахассислари мамлакатимизга ташрифи чоғида диний эркинликни таъминлаш, амалдаги нормаларни соддалаштириш, радикализмга қарши курашиш, шунингдек, жаҳолатга қарши маърифат борасидаги амалий ишларга юқори баҳо бериб келмоқда.

Президентимиз томонидан мазкур йўналишда илгари сурилаётган ташаббуслар Ўзбекистоннинг янги қиёфасини жаҳон ҳамжамиятига намоён этмоқда. Айниқса, 2018-йил 12-декабрда БМТ Бош Ассамблеясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таклифи билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” махсус резолйуциясининг 193 та мамлакат томонидан якдиллик билан қабул қилингани катта аҳамиятга эга бўлди.

Тадбирда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Пер фон Аркс эса, юртимизда диний бағрикенгликни таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан-да устувор масала сифатида кўрилаётганини эътироф этди.

– Ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида катта ўзгаришлар, турли динлар, конфессиялар, диний бағрикенглик бўйича конструктив мулоқот йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдим, – деди ЙХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори Пер фон Аркс. – Миллатлараро муносабатлар, турли конфессиялар ўртасидаги мулоқот ва ўзаро ҳурмат биз учун муҳим аҳамиятга эга. Бу борада Дин ишлари бўйича қўмита, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси фаолияти муҳим аҳамиятга эга бўлиб, ЙХҲТ томонидан доимо қўллаб-қувватланмоқда. Ўзбекистоннинг бу борадаги ўзига хос тажрибасини инобатга олиб, юртингизда турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида олиб бораётган ишларингизни олқишлаймиз.

Анжуманда “Жамиятда миллатлараро тотувликни таъминлашда Ўзбекистон тажрибаси”, “Миллатлараро ва динлараро дўстликни таъминлашда исломнинг ўрни”, “Марказий Осиё халқлари маънавий меросида миллатлараро бағрикенглик масалалари”, “Диний бағрикенглик –давлат ва жамият барқарорлиги гарови”, “Марказий Осиё халқларининг муштарак бағрикенглик тамойиллари”, “Ёшларни маънавий-ахлоқий баркамол этиб тарбиялашда миллий маданий марказларнинг ўрни” каби мавзулардаги маърузалар тингланди.

– Бугунги кунда дунёнинг кўплаб ҳудудларида содир бўлаётган миллий ва диний шаклдаги низо ва зиддиятлар жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солмай қўймайди, албатта, – деди Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Зоҳиджон Исломов. – Мана шундай шароитда янги Ўзбекистонда ҳукм сураётган тинчлик ва фаровонлик, миллатлараро тотувлик, ўзаро ҳурмат муносабатини сақлаш муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Она Ватанимиз азалдан қадимий динлар ривож топган макон сифатида дунё цивилизацияси тарихида алоҳида мавқега эга. Тарихга назар солсак, Ўзбекистон ҳудудида турли маданият, урф-одат, турмуш тарзига эга халқлар яшаганига гувоҳ бўламиз. Қулай географик манзилда жойлашгани сабаб кўплаб мамлакатлар билан маданий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий алоқалар олиб борган. Қувонарлиси, бугун юртимиз диний бағрикенгликни таъминлаш борасида бутун дунёга намуна бўлмоқда.

Тадбирда Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий Морар ҳамда Рим-католик маркази раҳбари епископ Ежи Масулевич ҳам сўзга чиқиб, юртимиздаги диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик қадриятга айланганини таъкидлади.

– 2021-2022-йилларда Тошкент епархияси юбилей санасини нишонлайди, – деди Рус православ черкови Тошкент ва Ўзбекистон епархияси раҳбари митрополит Викентий Морар. – 150 йилдан бери ёнма-ён яшаб келаётган халқларимиз доимо бир-бирининг хурсандчилигига шерик бўлади. Ўзаро ишонч, ижобий муносабатлар, ҳамкорлик алоқаларининг бу ёрқин намунаси кўплаб хориж мамлакатлари учун ибрат бўла олади. Мазкур йиллар давомида диний ва миллий низолар содир бўлмагани мамлакатимиз раҳбариятининг оқилона сиёсати туфайлидир.

Қизғин ўтган конференция қатнашчилари томонидан юртимизда яшаётган барча миллат ва элат вакиллари яхлит ҳолда Ўзбекистон халқини ташкил этиши, улар бир-бири билан ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётганликлари таъкидланди. Юксак тараққиётга миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик, тинчлик-осойишталикни янада мустаҳкамлаш орқали етиш мумкинлиги қайд этилди.

Баҳодир ЖОВЛИЕВ,

Ўзбекистон халқаро ислом академияси Матбуот котиби

Манба: “Янги Ўзбекистон” газетаси 2021-йил 19-ноябр, 233-сон