Мир Араб мадрасаси ташкил этилганига 500 йил: ўтмиш ва бугун
Бухоро асрлар давомида ўзининг бой илмий мероси, ислом илм-фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси, мадрасалари, таълим тизими билан Ислом дунёсида катта шуҳрат қозонгани, Мир Араб Бухоронинг дунёга донг таратган мадрасаларидан биридир шубҳасиз.
Ана шу маънода жорий йил 11 ноябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси билан ҳамкорликда “Мир Араб мадрасаси ташкил этилганига 500 йил: ўтмиш ва бугун” мавзусида халқаро онлайн видеоконференция ўтказилди.
Анжуманда Россия, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда Тожикистон давлатлари муфтийлари ҳамда 50 га яқин таниқли уламолар, исломшунос-диншунос олимлар, турли илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ҳамда диний соҳа вакиллари (“Мир Араб” мадрасаси битирувчилари) иштирок этди.
Анжуман доирасида “Мир Араб мадрасаси тарихи ва келажакдаги истиқболлари”, “Собиқ Совет Иттифоқи даврида МДҲ ва Марказий Осиё давлатларида диний кадрларга бўлган эҳтиёжни қондиришда Мир Араб мадрасасининг ўрни”, “Мир Араб мадрасаси битирувчиларининг бугунги кундаги фаолияти”, “Ўзбекистонда диний таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эришилаётган ютуқлар тарғиботи” каби мавзулар муҳокама қилинди.
Йиғилишда сўзга чиққан Россия Федерацияси ва Марказий Осиё давлатлари муфтийлари Ўзбекистонда сўнгги беш йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва эришилган ютуқларни юқори эътироф этиб, юртимизда ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятига ижобий баҳо берди. Хусусан, Мир Араб мадрасасининг фаолиятини юқори баҳолаб, тарихдан Ўзбекистон заминидан улкан алломалар етишиб чиқишига ушбу таълим даргоҳи катта ҳисса қўшганини таъкидлаб ўтдилар. Конференция қатнашчилари мазкур мадраса талабаси бўлганларидан ғурурланишларини айтиб, мадраса уларнинг ҳаётида ўчмас из қолдирганини таъкидлашди.
Конференциядаги маърузалар, билдрилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ўзаро илмий хулосалар алмашилди ҳамда келгусида шу каби тадбирларни ҳамкорликда ўтказишга келишиб олинди.
Дин ишлари бўйича қўмита
Ахборот хизмати