Юрт истиқболи ва тараққиёти ёшлар камолотида
Мамлакатимиз эришаётган барча ютуқлар замирида, энг аввало, жамиятда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, тотувлик муҳим ўрин тутади. Зеро, ҳеч бир қўрқув ёки таҳдидларсиз меҳнат ва илм-фан, маърифат ҳамда эзгуликлар ичра фаолият юритиш кишига қувонч ва бахт бериши табиий.
Шу маънода, юртдошларимиз ўртасида аҳил-иноқлик, бағрикенглик ва илм-маърифатни қарор топтиришга ҳисса қўшадиган диний-маърифий соҳага ҳам сўнгги йилларда янада катта эътибор берилаётир. Бинобарин, илм-фани ривожига беқиёс ҳисса қўшган буюк алломаларимиз меросини чуқур ўрганиш, муқаддас динимиз мусаффолигини асраш, аҳоли, айниқса, ёшларни ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, уларни Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларимизга ҳурмат, бағрикенглик руҳида тарбиялаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумки, бугун дунёнинг турли бурчакларида мураккаб ижтимоий-сиёсий жараёнлар кечяпти. Бунда, энг афсусланарлиси, айрим ғаразли кучларнинг дин ниқоб асосида ёшлар онгини турли хил бузғунчи ғоялар орқали бошқаришга ҳаракат қилаётгани соғлом фикрли ҳар бир шахсни сергаклантириши лозим.
Шу мақсадда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларни турли ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини ошириш мақсадида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси анжуманлар залида ташкил этилган талаба-ёшлар билан учрашувда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов, Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси Абдумалик Каримов, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бошқармаси Терроризмга қарши курашиш бўлими бошлиғи Улуғбек Насриддинов, Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати мутахассиси Элёр Норпўлатов ҳамда Академия профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Долзарб мавзуга бағишланган тадбирни Академия ректори Музаффар Комилов кириш сўзи билан очиб бераркан, ўз тараққиётининг янги босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда барча соҳалар қатори ёшларга ҳам катта эътибор қаратилаётгани, уларни билим олиш, тадбиркорлик, касб-ҳунар эгаллашлари учун тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётганлигини таъкидлаб ўтди.
– Ёшлар таълим-тарбияси, уларни баркамол вояга етказиш давлатимизнинг энг асосий устувор вазифаси ҳисобланади, – дейди Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов. – Хабарингиз бор, таълим тизимидаги кенг кўламли ислоҳотлар самарасида узлюксиз таълимнинг ўзига хос янгиланишлар кузатилмоқда. Хусусан, сўнгги уч-тўрт йилда олий таълим муассасалари сони кўпайиб, илм-маърифат олиш орқали рақобатбардош кадр бўлишга интилаётган ёшлар учун имкониятлар кенгайиб бормоқда. Бу ислоҳотлар замирида турли ёт ғояларга оғмайдиган, ўз фикри ва ҳаётий позицияга эга, ўз келажагини мамлакат тараққиёти билан ҳамоҳанг кўрувчи ўғил-қизларни камолга етказиш мақсади мужассам.
Қизғин мулоқотда Ёшлар ишлари агентлиги Марказий аппарати мутахассиси Элёр Норпўлатов сўз олар экан, ҳар қандай давлат тараққиёти ёшлар таълим-тарбиясига чамбарчас боғлиқ эканини қайд этди. Йигит-қизлар учун яратилаётган шароитлар, бу борада Ёшлар ишлари агентлигининг олиб бораётган фаолияти ҳақида маълумот берди. Жамиятимиз равнақи учун зарур бўлган илмларни олиш ҳар бир ёш йигит-қизнинг зиммасидаги бурчи эканлиги таъкидланди.
Тадбирда сўз олган Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар бошқармаси Терроризмга қарши курашиш бўлими бошлиғи Улуғбек Насриддинов ахборот асрида коммуникация технологияларидан ғаразли мақсадларида фойдаланаётган кучлар кўпайиб бораётгани ва, афсусланарлиси, улар тузоғига билиб-билмай тушиб қолаётган ёшлар ҳам йўқ эмаслиги ҳақида сўз юритди. Ҳолбуки, ушбу замонавий технологиялар инсоннинг таназзулига эмас, балки тараққиёти учун хизмат қилиши лозимлигини ҳаётий мисоллар билан тушунтириб ўтди.
Дарҳақиқат, айни пайтда нафақат юртимиз, балки жаҳон ҳамжамиятини диний-экстремистик, террористик гуруҳлар, улар юзага келтираётган салбий асоратлар ташвишга солмоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бош бошқармаси етакчи мутахассиси Абдумалик Каримов ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга зид бўлган ҳар қандай маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатиш Миллий қонунчилигимиз орқали қатъиян тақиқлангани, бундан барчанинг хабардор бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Учрашувда ёшларни ахборот хуружларидан ҳимоя қилиш, уларнинг маънавий тафаккурини оширишга қаратилган видеоролик намойиш этилди.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати