“Абу Муин Насафий илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусидаги халқаро видеоконференция
Жорий йил 27 сентябрь куни “Абу Муин Насафий илмий меросининг бугунги кундаги аҳамияти” мавзусида халқаро онлайн видеоконференция ташкил этилди.
Тадбирда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон
ва Россиядан 50 га яқин таниқли исломшунослар, мутахассислар, тадқиқотчилар ҳамда диний соҳа вакиллари иштирок этди.
Анжуманда қуйидаги мавзулар муҳокама қилинди:
- Абу Муин Насафий ҳаёти ва фаолияти. Олим қаламига оид дунё фондларида сақланаётган қўлёзмаларни жамлаш, уларни ҳамкорликда таржима қилиш, илмий изланишлар олиб бориш, халқаро илмий лойиҳалар ишлаб чиқиш.
- Турли диний ақидапараст оқимларнинг даъволарига Абу Муин Насафийнинг асарлари асосида раддиялар бериш тартибини жорий қилиш.
- Абу Муин Насафий илмий меросига бағишланган махсус сайт ташкил этиш, олимнинг асарларини электрон шаклда жойлаштириш, уларни турли тилларга таржима қилиш ва ижтимоий тармоқларда кенг тарқатиш.
Анжуманда сўзга чиққан хорижий иштирокчилар Ўзбекистонда сўнгги беш йилда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва эришилган ютуқларни юқори эътироф этиб, юртимизда ташкил этилган илмий-тадқиқот муассасаларининг фаолиятига ижобий баҳо берди.
Меҳмонлар сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар, ўзгаришлар ва эришилаётган ютуқлар таҳсинга сазовор эканлигини таъкидладилар. Мамлакатимизда фаолият юритаётган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий-тадқиқот марказларининг салоҳиятини юқори баҳоладилар.
Тадбир сўнгида билдирилган маърузалар ва фикр-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда ўзаро савол-жавоб тарзида илмий хулосалар алмашилди ҳамда келгусида шу каби тадбирларни ҳамкорликда ўтказишга келишиб олинди.
Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати