Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича Қўмита раисининг биринчи ўринбосари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори М.Комилов бошчилигидаги делегация хизмат сафари билан Татаристон Республикасига жўнаб кетган эди.

Бугун, 23 сентябрь куни, Булғор ислом академияси ректори в.б. Айнур Тимерхонов билан учрашув бўлиб ўтди. Суҳбат аввалида,  Академия проректори Айнур Тимерхонов меҳмонларни самимий қутлаб, таълим даргоҳи ва унда олиб борилаётган илмий фаолият ҳақида маълумот берди.

Шундан сўнг, М.Комилов сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган диний-маърифий соҳадаги кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида, хусусан, Халқаро ислом академиясининг ташкил этилгани, унинг мақсад ва вазифалари, бугунги кундаги фаолияти ҳақида батафсил маълумот берди.

Шунингдек, М.Комилов суҳбат давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Академия ҳузурида ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳақида тўхталиб, ушбу Марказ том маънода буюк аждодларимизнинг бой илмий меросини чуқур ўрганиш ҳамда жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш борасида ўзига хос маърифат маркази ўлароқ фаолият бошлагани, бу ерда амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида маълумот берар экан, шубҳасиз мезбонларнинг Марказга бўлган қизиқишини янада кучайтириб, ўзаро ҳамкорлик борасидаги таклифларни илгари суришларига туртки бўлди. Булғор ислом академияси ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини билдирди.

Мулоқотда томонлар ўртасида докторлик ва магистрлик диссертациялари ҳамда талабалар алмашинуви бўйича ҳам музокаралар олиб борилди ва амалий келишувларга эришилди. Шунингдек, томонлар ўртасида ўзаро илмий-маърифий соҳаларда ҳам ҳамкорлик алоқаларини янада жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Сафар давом этмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати