Бугун, 11 август куни Тошкент ислом институти Модуль таълим тизими учун тест синовлари бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда Тошкент ислом институти Ахборот хизмати.

Абитуриентлар карантин талабларига мувофиқ, институт ҳовлисидаги очиқ ҳавода ташкил этилган махсус жойларда имтиҳон синовларини топширдилар.

Дастлаб, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари М.Комилов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари И.Иномовлар сўзга чиқиб, бўлажак толиби илмларга муваффақият тиладилар.

Эслатиб ўтамиз, Модуль таълимида камида 5 йил мобайнида масжидларда ишлаб келаётган ўрта махсус диний маълумотли имом-хатиблар ўқиши мумкин. “Имом-хатиб” талабалар Модуль тизимида тўлов-контракт асосида масжиддаги иш фаолиятидан узилмаган ҳолда, 3 йил таҳсил олади.

Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун Тошкент ислом институти Модуль таълим тизимига modul.muslim.uz сайти орқали 192 нафар абитуриент ариза топширган эди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати