2021 йил 10 август сешанба куни ҳижрий 1443 йилнинг биринчи кунидир. Парвардигор янги ҳижрий санани барча халқлар учун тинчлик ва баракотли қилсин.

Тарих воқеаларини белгилаш, тинмай ўтаётган вақт ҳисобини аниқлаб ёзиш ва кейинги авлодга қолдириш мақсадида йил, ой, кунларининг ҳисобини тақвим шаклида қадимдан кенг истеъмол қилиб келинади.

Ҳижрий-қамарий тақвим ҳисоби жаноби Расули акрам (с.а.в) вафотларидан сўнг халифа Умар ибн Хаттоб (р.а) даврларида вужудга келган. Бу зоти шариф бошқа катта саҳобалар билан маслаҳатлашиб, Ислом тарихи учун янги тақвим тузиб, ўтган воқеаларни шу ҳисоб бўйича олиб бориш зарурлигини тушунтирганларида барча саҳобалар бу фикрни бир овоздан маъқуллашди.

Ниҳоят, ҳаммаларининг фикрлари бир бўлиб, янги ҳижрий санани Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Маккаи мукаррамадан Мадинаи мунавварага қилган ҳижрат кунларидан бошлаб ҳисоблашга иттифоқ қилганлар.

Пайғамбар (с.а.в)нинг ҳижратларининг кунлари сафар ойига тўғри келган бўлса-да, лекин унга тайёргарчилик Муҳаррам ойидан бошланганлигини эътиборга олиб, ҳижрий сана аввалини шу муборак ой – Муҳаррамнинг биринчи кунидан ҳисоб қилишга қарор қилинди.

Шундай қилиб, ҳижрий-қамарий сананинг биринчи йил куни – милодий сананинг 622 йил 16 июль жума кунига тўғри келади.

Мана шу тарихдан  бери бутун араб ва Ислом олами халқлари қатори, диёримиз мусулмонлари ҳам диний байрамларини  ва хусусан, Рамазон ҳамда Қурбон ҳайити кунларини белгилаш каби масалаларда ҳижрий-қамарий тақвимдан кенг фойдаланиб келмоқдалар.

 

М.Йўлдошев

Дин ишлари бўйича қўмита

масъул ходими