Шу кунларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги олий таълим муассасаларида ижодий имтиҳон ва тест синовлари бўлиб ўтмоқда. Жумладан, кеча, 2 август куни Мир Араб олий мадрасасида Араб тилидан ижодий имтиҳон бўлиб ўтди.

Дастлаб, имтиҳонга ташриф буюрган абитуриентларга имтиҳон ўтказиш тартиби, белгиланган қоидалар тушунтирилди. Кейин эса, абитуриентлар ва ота-оналар гувоҳлигида имтиҳон билетлари солинган ва муҳрланган махсус қоплар очилди.

Шундан сўнг, абитуриентлар карантин талаблари асосида ўз жойларини эгаллаб, ижодий имтиҳон синовларига киришдилар.

Имтиҳон жараёнларини Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, қабул ҳайъати аъзолари ва турдош ташкилот вакиллари кузатиб бормоқда.

Маълумот учун, 2021-2022 ўқув йили учун кундузги таълим бўйича Мир Араб олий мадрасасига 114 нафар йигит ва 25 нафар аёл-қиз абитуриент ҳужжат топширган.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Олий мадрасада Ақоид-фиқҳ ва Ўзбекистон тарихи фанларидан тест синови бўлиб ўтмоқда.

Мандат натижалари эса, эртага 4 август куни эълон қилинади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати