Бугун Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази томонидан “Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон” мавзусидаги халқаро илмий-амалий симпозиум онлайн тарзда ўтказилди, дея хабар бермоқда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.

Тадбир ICESCO, IRCICA, Малайзия исломни англаш институти, Ал-Азҳар мажмуаси Ислом тадқиқотлари академияси, Салжук университети Имом Мотуридий тадқиқотлари маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот-маркази, Имом Термизий халқаро-илмий тадқиқот маркази каби ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ушбу халқаро онлайн илмий-амалий симпозиумда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази қошида ташкил этилган Халқаро илмий  ҳайъат аъзолари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти вакиллари, маҳаллий ва хорижлик таниқли олимлар, жаҳоннинг етакчи илмий-тадқиқот муассасалари, соҳага оид илмий изланишлар олиб бораётган тадқиқотчилар, мутахассислар иштирок этдилар.

Шунингдек, анжуманда Миср Араб Республикаси, Иордания, Туркия, Германия, Швеция, Франция, Босния ва Герцеговина, Россия, Малайзия, Қирғизистон, Қозоғистон, Афғонистон каби ўндан зиёд давлатлардан мотуридийшунос ва исломшунос олимлар ҳам қатнашдилар.

Конференция давомида  иштирокчилар томонидан Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти моҳияти: мотуридий алломаларининг ушбу таълимот ривожидаги ўрни, мотуридийлик таълимотининг мўътадилликни таъминлашдаги аҳамияти, Имом Мотуридий илмий меросини ўрганиш ва мотуридийлик таълимотида ақидавий масалаларнинг ёритилиши юзасидан амалга оширилган илмий тадқиқотлар сингари муҳим илмий масалалар муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, анжуманда олимлар мотуридийлик таълимотининг ўзига хос хусусиятлари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини баён қилдилар. Хусусан, бугунги кундаги долзарб ақидавий масалаларга ечим топишда мотуридийлик таълимотининг ўрни ва аҳамияти, ушбу таълимотнинг мўътадиллиги иштирокчилар томонидан алоҳида эътироф этилди. Мазкур симпозиум иши доирасида Имом Мотуридий ва мотуридий алломаларининг илмий меросини халқаро жамоатчиликка етказиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.  

Тадбир давомида Марказ томонидан нашрга тайёрланган Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” 29-жузи, Мулла Али Қорийнинг “Шарҳ ал-Фиқҳ ал-акбар”, Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ал-Ҳидоя”, “Юртимиз алломалари рукни остида 10 та рисола”, “Халқаро ислом ташкилотлари”, “Мутаассибликка қарши мўътадиллик: метод ва таҳлиллар” “Долзарб раддиялар”, “Ислом ниқобидаги мутаассиб гуруҳлар” каби бир қатор китоблар, шунингдек, “Мотуридийлик” илмий-маърифий журналининг нишона сони тақдимоти ўтказилди.

 Симпозиумда қатнашган халқаро экспертлар, мутахассис ва олимлар томонидан иштирокчиларнинг маърузалари ҳамда бошқа илмий натижалар алоҳида тўплам шаклида нашр этилиши маъқулланди.

Шу билан бир қаторда, талабалар ўртасида “Имом Мотуридий издошлари” рукни остида ташкил этилган танловнинг энг яхши мақола, энг яхши видеоролик, энг яхши инфографика номинациялари бўйича ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам ўтказилди.

 Ёш тадқиқотчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида, симпозиум доирасида докторантлар, тадқиқотлар ҳамда талабалар учун “Имом Мотуридий ёш тадқиқотчилар нигоҳида”, “Замонавий исломшунослик муаммолари” деб номланган алоҳида шўъбалар ташкил этилди. Уларда Республиканинг турли таълим ва илмий-тадқиқот марказларидан ёш тадқиқотчилар ўз мақолалари билан иштирок этдилар.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази мотуридийлик таълимотини жаҳонга танитиш ҳамда ислом оламида мўътадил таълимотни халқаро жамоатчиликка етказишда муҳим платформа бўлиб хизмат қилади.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати