Жорий йил 21 май куни Афғонистон Ислом Республикаси делегациясининг Ўзбекистон Республикасига ташрифи доирасида Термиз шаҳридаги Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказида диний соҳа вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.

Тадбир доирасида Афғонистон Ислом Республикаси Олий миллий ярашув кенгаши раиси маслаҳатчиси, Миллий бирдамлик партиясининг Шимолий ҳудудлар бўйича раҳбари Муҳаммад Муҳсин Донеш, Балх вилояти ҳаж ва вақф бошқармаси бошлиғи Маҳмуд Донешжу Муҳаммад Бунёд, Афғонистон шимолий ҳудудлари шиа мазҳаби уламолар кенгаши раиси Саид Муҳаммад Саид Муҳсин Ҳусайний, Афғонистон уламолар кенгаши аъзоси Абдулваҳҳоб Абдулбосит Пайғомий, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Ўткирбек Ҳасанбоев Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шукурулло Умаров, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар иштирок этишмоқда.

Даставвал, мартабали меҳмонлар Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий ўрта-махсус таълим муассасаси фаолияти, яратилган имкониятлар билан яқиндан танишдилар.

Анжуманни ўтказишдан асосий мақсад аждодларимизнинг маънавий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларда соғлом дунёқарашни кучайтириш, уларни азалий қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, ислом дини равнақи ҳамда Ислом цивилизацияси ривожига беназир ҳисса қўшган Муҳаммад Ҳаким Термизий, Имом Термизий, Бурҳониддин Муҳаққиқ Термизий, Варроқ Термизий ва бошқа термизийларнинг оламшумул аҳамиятга молик диний-маънавий меросини ўрганишга бағишланган бугунги тадқиқотлар натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг навбатдаги босқичида долзарблик касб этаётган вазифаларни белгилаб олишдан иборат.

Айни дамда марказнинг кичик мажлислар залида учрашув давом этмоқда.

 

Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати